Ўзбекистон | 21:54 / 26.07.2020
37827
7 дақиқада ўқилади

Карантинни узайтириш зарурати, шифокорларни қайта тайёрлаш ва йўл қўйилган хатолар — Ҳабибулло Оқилов билан суҳбат

Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори, Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси, профессор Ҳабибулло Оқилов билан карантин чекловлари муддати узайтирилиши сабаблари, пандемияга қарши кураш бўйича ўтган даврда йўл қўйилган камчиликлар, қайта тайёрланаётган шифокорлар ва бошқа мавзуларда суҳбатлашдик.

– Ҳабибулло Атауллаевич, карантин чекловлари муддатини узайтиришга зарурат бор эдими? Аҳоли ниқоб тақишга, ўзини эҳтиёт қилишга анча ўрганиб қолган бир пайтда, чекловларни юмшатиш ўзини оқламасмиди?

– Зарурат шубҳасиз бор эди! Бир нарсани тўғри тушуниб олайлик, карантин касалликни даволамайди. Бу чора вирус тарқалиши кескин кўпайиб кетишининг олдини олади. Карантин пайтида биз занжирни узишга ҳаракат қиламиз. Мана масалан, шанба ва якшанба кунлари кўчаларда машиналар деярли йўқ. Бу нимадан далолат – одамлар кўчага кам чиқишяпти, бир-бирлари билан кам учрашишяпти ва касаллик юқиши учун имконият чекланяпти.

Иккинчидан, айнан мана шундай чекловлар пайтида тиббиёт тизими бир ўзига келиб, нафас ростлаб, куч тўплаб олади ва яна курашишда давом этади.

Тўғри, халқимиз чарчади, уйда ўтириб, даромадсиз қолиб сиқилаётганлар жуда кўпчилик. Давлат раҳбари ҳам, ҳукумат ҳам, биз ҳам буни жуда яхши тушуниб турибмиз. Лекин ҳозир бўшаштириб юбориш вазиятни буткул издан чиқишига олиб келиши мумкин. Унда шифокорларимиз кўпчилик бўлиб сафдан чиқа бошлайди, жойлар етмай қолади, энг оғири – касалланиш сони кескин ошиб кетади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди.

– Шифокорларни ишга жалб қилиш бўйича кенг тарғибот олиб борилмоқда. Аммо эълон қилинган телефонлар ё ишламаяпти, ёки доимо банд. Боғланишнинг бошқа усуллари кўрсатилмагани ҳақли эътирозларга сабаб бўляпти. Бу масала қандай ечим топади?

– Балки кўрсатилган рақамларга кўп қўнғироқ бўлаётгандир, балки техник сабабдир. Лекин мен ишлаш истагида бўлаётган шифокорларга ўзим фаолият юритувчи институт телефонини ҳам беришим мумкин – (71) 268-17-44 рақамига қўнғироқ қилсинлар ва йўл-йўриқ олсинлар.

Қолаверса, ишлайман деган шифокорлар бўлса, бевосита шифохоналарнинг ўзига мурожаат қилишлари мумкин. Масалан, Зангиотадаги махсус клиникамизда штаб аъзолари мунтазам ишлашмоқда. Тўғридан тўғри бориб учрашишлари ёки (71) 207-99-84 рақамига қўнғироқ қилишлари мумкин. Улар деярли ҳар куни биздан шифокорлар жўнатишимизни сўрашади.

Пойтахт марказидаги «Экспомарказ» Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳомийлигида ишлаяпти. У ерда ҳам шифокорларга талаб бор, учрашиб, ҳужжат топширса бўлади. Мана, бугуннинг ўзида (суҳбат 25 июлда ёзиб олинган) 2 мингга яқин аризалар қабул қилинди. Биз бу шифокорларни институтимизда қисқа муддат ўқитамиз ва тайёрлаб, COVID-19'га қарши курашувчилар гуруҳига қўшамиз.

Мен ҳам фурсатдан фойдаланиб шифокорлардан шундай мураккаб кунларда сафимизга қўшилишларини сўраб қоламан.

– Бошқа соҳа шифокорларини зудлик билан қайта тайёрлаш ва COVID-19'га қарши курашишга жалб қилиш режаси қандай амалга ошириляпти?

– Биз бу масала бўйича январь ойидан буён ишлаяпмиз. Энг муҳими, анестезиолог-реаниматологларни қайта тайёрлашга эътибор қаратиляпти. Бу касаллик туфайли оғир ҳолатларда қандай йўл тутиш бўйича аниқ қўлланмалар яратилди ва уларни ўқитдик. Ҳозир ҳам бу жараён узлуксиз давом этмоқда. Айни пайтда кўпроқ пульмонолог, иммунолог, анестезиолог-реаниматологларни кўпроқ тайёрлаяпмиз.

Бу синов даврида ўзига хос тажрибалар ҳам орттирдик. Масалан, ахборот технологиялари деган гапларга кўп ҳам жиддий қарамасдик. Пандемия даврида бу соҳа бизга қўл келди ва кенг фойдаланаяпмиз.

Ҳар куни махсус телемарказда етакчи мутахассислар, профессорлар, фан номзодлари уч марта катта консилиум ўтказамиз ва бутун республика бўйлаб энг оғир беморларни онлайн тарзда бирма-бир таҳлил қилиб чиқамиз.

Бундан ташқари, энг етакчи давлатлар тажрибасини ҳам ҳар куни узлуксиз ўрганиб борамиз. Кўплаб институтлар билан алоқалар ўрнатилган ва ҳар қандай янгиликни дарҳол муҳокама қиламиз ҳамда лозим бўлса, амалиётга қўллаймиз.

Ҳабибулло ака, сиз нафақат даволовчи шифокор, балки Соғлиқни сақлаш тизими ташкилотчиларидан бирисиз. Ҳозир 5 ой орқага қайтиш имкони туғилса, биринчи навбатда нималар қилган бўлардингиз?

– Қизиқ савол бўлди-ку... Вақтни орқага қайтариш имкони бўлганда, жуда кўп нарса қилса бўларди. Саволингизни тушундим албатта, қандай хатоларга йўл қўймасдингиз, демоқчисиз.

Ўтган беш ва ҳатто ундан олдинги давр ҳам биз, яъни соғлиқни сақлаш тизими ҳамда коронавирус ўртасидаги ўзига хос пойга даври бўлди, десам хато бўлмас. Имконим бўлганида, биз нисбатан орқада қолган жиҳатларимизни тўғрилаган бўлардим. Яъни койкалар сонини янада кўпайтирардим, рақамли рентгенлар, пульсоксиметрлар, кислород берувчи мосламаларни катта миқдорда харид қилиш устида ишлардим. Айниқса лаборатория соҳаси, ПЗР тизимларни кўп жойда ташкиллаштириб қўярдим.

Ўша пайтдаям давлат раҳбарининг ўзлари ҳам, ҳукуматимиз ҳам биздан қандай зарурат борлиги ҳақида қайта-қайта сўрадилар. Кўп жиҳатдан тайёргарлик кўриб улгурган бўлсак-да, айрим оқсашлар барибир кузатилди ва бугун шу муаммоларни ечиш устида ишлаяпмиз.

– Жарроҳлик амалиётига вақтингиз бўляптими? Хусусан, танасидан 11та игна олиб ташланган бола ҳолидан хабардормисиз?

– Ҳақиқий жарроҳ ҳаётини операцияларсиз тасаввур қилолмайди. Карантин бўлгани билан бошқа беморларнинг бунда айби йўқ. Вақтни тўғри тақсимлашга ҳаракат қиламан ва ҳозирги кунда тонг саҳарда бориб мўлжалланган операцияларни қилиб келаман.

Бизнинг кафедрамиз Республика шошилинч тез тиббий илмий маркази базасида жойлашган. Дастлаб, карантин масаласида жуда қаттиқ ёндошдик ва бир бемор аниқланса ҳам бутун шифохонани ёпиб қўйдик. Энди 750 ўринли шу марказдаги оворагарчиликларни, беморлар ҳолатини тасаввур қилинг. Ҳозир бошқача чора қўллаяпмиз – касаллик аниқланган бўлимнинг ўзини ёпяпмиз ва дезинфекция қилиб эртасига яна ишга тушириб юборяпмиз.

Танасидан игналар олиб ташланган болага келсак, 9 соат операция қилганимиз ва жуда оғир аҳволда бўлгани учун ўзимнинг ҳам, шогирдларимнинг ҳам у болага меҳри тушган, ўз фарзандимиздек бўлиб қолган. Ҳозир болакай соппа-соғ, аҳволидан мунтазам хабардор бўлиб турибмиз. Яқинда ҳам суратларини юборишди, анча катта бўлиб қолибди.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид