Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ танга инқирозига учради
АҚШ Зарбхонаси америкаликлардан харидларда тангаларни ишлатишни, уларни банкка топширишни ёки махсус аппаратларда қоғоз пулларга алмаштиришни сўради.
Коронавирус пандемияси туфайли, америкаликлар нақд пуллар орқали инфекцияни юқтириб олишдан чўчиб, нақдсиз тўловларга кўпроқ эътибор бера бошладилар. Натижада кўплаб тангалар истеъмолчилар қўлида тўпланиб қолди ва мамлакатда уларнинг тўлақонли инқирози юз берди.
Майда тангаларнинг танқислиги кичик бизнес вакиллари фаолиятига салбий таъсир қилди. Улар қайтим йўқлиги сабабли, тўлақонли ҳисоб-китоб қилишда қийнала бошладилар.
«Дўкондаги харидларни тангалар билан амалга оширинг. Уларнинг бир қисмини истеъмолга қайтаринг», — деб баёнот берди Зарбхона.
2020 йилнинг март ойида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида, одамларга нақд пуллар ва карталарни ишлатишдан воз кечиб, контактсиз тўловларга ўтишни таклиф қилган эди. Мутахассислар вируснинг нақд пуллар юзасида 4 кунгача, пластик юзасида эса 9 кунгача сақланиб қолишини таъкидлашган эди. Кейинчалик, ЖССТ бу маълумотларни рад қилди.
Шундай бўлса-да, ер юзи аҳолиси инфекциядан сақланиш учун нақд пулларни ишлатишдан тийила бошладилар. Жумладан, Германияда контактсиз тўловларнинг оммалашиши натижасида аҳолининг қўлида нақд пуллар йиғилиб қола бошлади. Хитой эса коронавирус энг кўп тарқалган ҳудудларда нақд пулларни ёқиб юбориш амалиётини қўллади. Россияда банклар нақд пулларни кассага тушганидан кейин камида 2 ҳафта сақлаб, вируслардан холи қилиб истеъмолга чиқара бошладилар. Ўзбекистонда бу муддат 1 ҳафтани ташкил қилиши ҳақида хабар берилган эди.