Ўзбекистон | 20:35 / 28.07.2020
3498
3 дақиқада ўқилади

2020 йилнинг 6 ойида қарийб 80 мингта сайёр хизмат кўрсатилди – ДХА

2020 йил 6 ой давомида 80 мингга яқин сайёр давлат хизмати кўрсатилган. Бу ҳақда Давлат хизматлари агентлигининг ахборот хизмати маълум қилди.

«Аҳолига сайёр давлат хизматлари кўрсатиш учун ажратилган 189 та «Дамас» автомобиллари ва 20 та махсус жиҳозланган «Исузу» автобуслари орқали 80 мингга яқин сайёр хизмат кўрсатилди. Туман марказидан узоқда жойлашган (100-300 км) ҳудудларда ҳамда аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, давлат хизматлари марказининг мавжуд 53 та филиаллари сони 57 тага етказилди.

Давлат хизматлари марказлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини, шу жумладан, психология бўйича курслардан ўтган ҳолда ошириш тизимининг доимий асосда такомиллаштирилиши бўйича Адлия вазирлиги қошидаги Юристлар малакасини ошириш маркази билан ўқув дастури тасдиқланди ва 148 нафар ходимнинг малакасини оширилиши таъминланди», дея агентлик директори ўринбосари Нўъмон Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Қайд этилишича, ФҲДЁ органларида далолатнома ёзувлари ва гербли гувоҳномаларни «ФҲДЁ ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали электрон кўринишда QR-кодли бланкаларда чоп этиш тизими йўлга қўйилган. Бунинг учун ФҲДЁ органлари махсус принтер ва компьютер қурилмалари билан таъминланган. Шунингдек, ФҲДЁ органларининг 60 фоизга яқин архив маълумотлари рақамлаштирилган.

Бундан ташқари, давлат хизматларини онлайн олишда янада қулайликлар яратиш мақсадида электрон рақамли имзо сертификатини онлайн олиш имконияти яратилди.

Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш билан бир вақтда 30 та тижорат банкларда онлайн ҳисобрақамлар очиш имконияти яратилган. Барча Марказлар оптик толали кабеллар билан тўлиқ таъминланиб, юқори тезликдаги Интернет тармоғига уланган.

Кўрсатилган давлат хизматлари учун давлат божи ва йиғимларни электрон тўлов тизимлари (Click, Payme, Upay, Paynet, Uzcard, Oson, Websum ва барча банк мобил тўлов иловалари) орқали тўлаш тизими жорий этилган.

Аввалроқ ДХА директори ўринбосари декабрь ойигача барча ФҲДЁ органларида блокчейн технологияси жорий этилишини айтганди. Шунингдек, у энди бола туғилганда бирданига поликлиникага ҳисобга олиниши, боғчага жойлаштириш учун рўйхатга олиниши ва пропискага қўйилишини маълум қилганди.

Мавзуга оид