Фарғона вилоятида коронавирусга чалинган беморлар учун 12 600та захира жой тайёрланди
Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, 1 августга қадар 12 600та захира жой тайёрлаш режа қилинганди.
Фарғона вилоятидаги сиҳатгоҳлар тиббиёт талабларига жавоб бериши нуқтаи назаридан сараланиб уларда коронавирусга чалинганлар, улар билан алоқада бўлганлар учун захира жой тайёрланмоқда, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг айтишича, 1 августга қадар 12 600 та захира жой тайёрлаш режа қилинган. Бунинг учун вилоятдаги хусусий шифохоналар ҳам жалб этилди.
Қайд этилишича, Фарғона шаҳри марказида қад ростлаган 3 қаватли янги шифохонада диагностика, таҳлил лабораториялари, видеомулоқот учун онлайн конференция заллари ҳам мавжуд. У тўлиғича эҳтимолий эҳтиёжни қоплаш учун захирага олинди.
- Вилоятдаги 14 та катта спорт залларида ҳам қайта мослаштириш ишлари якунланяпти. Биргина Фарғона шаҳридаги 8 та спорт саройларида бемор ёки улар билан алоқада бўлганлар учун бир неча минг захира жой ҳозирланди, - дейди коронавирусга қарши кураш вилоят штаби раҳбари, ҳоким ўринбосари Файзулло Қосимов.
Фарғона шаҳридаги Олимпия захиралари коллежининг бир неча спорт заллари хона-хоналарга бўлинган. Ҳар бир хонага каравот, санитария эҳтиёж хонаси, тиббий жиҳозлар ўрнатилган. Шу ернинг ўзига 500 та кислород концентратори ва шунча ИВЛ аппаратлари олиб келинди.
Қўқон шаҳридаги 1-болалар спорт мактаби залида ҳам бемор ёки гумонланганлар учун шу каби хона-жойлар борлиги айтилади.
- Шу ернинг ўзида 600 та, Қўқон шаҳридаги 4 та спорт залларида жами 2000 та бемор учун захира жой тайёрланяпти, - дейди вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Саидмурод Аминжонов. – Барча харажатлар вилоят бюджетининг ошириб бажарилган қисмидаги маблағ ҳисобидан қопланмоқда.
“Коронавирус юқтирганлар мамлакатимизда кундан-кун кўпайиб боряпти. Тўғри улар сони Фарғона вилоятида нисбатан оз. Лекин бу хотиржамликка асос бўлолмайди. Айни чоғда вилоятда амалга оширилаётган бу каби ишлар хавотирланишга ҳам ўрин йўқлигини билдиради. Шундай бўлса-да, бу вирусни юқтирмаслик учун шифокор, мутахассислар тавсияларига қатъий риоя қилайлик”, - дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикасига кўра, 28 июль ҳолати бўйича Фарғона вилоятида 239 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 206 нафари тузалиб чиққан ва бир киши вафот этган.
Мавзуга оид
23:35 / 25.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
19:02 / 21.11.2024
Фарғона аэропортида ҳаво кемаларини қабул қилишга вақтинчалик чекловлар жорий этилди
11:28 / 21.11.2024