Жаҳон | 20:34 / 29.07.2020
5237
2 дақиқада ўқилади

Пандемия сабабли Исроилнинг барча фуқароларига бир марталик ёрдам пули берилади

Маблағлар келаси ҳафтада ҳисобингизга тушади, деб ваъда берди мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакат фуқароларига.

Фото: AP

Исроил кнессети пандемия фонида барча фуқароларга бир марталик дотация бериш дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда мамлакат молия вазирлиги хабар берди.

Дастурга кўра, 18 ёшдан катта бўлган ҳар бир исроиллик 750 шекел (220 долларга яқин) миқдорида бир марталик ёрдам пули олади. Болалар учун тўртинчи фарзандгача 500 шекелдан (147 доллар), бешинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун эса 300 шекелдан (88 доллар) берилади.

Имтиёзли тоифадаги фуқаролар оширилган миқдорда дотация олади. Ҳарбий хизматчилар ва муқобил ҳарбий хизматдаги фуқароларга қўшимча 500 шекелдан берилади.

2018 йилда солиққа тортиладиган йиллик даромади 651 минг шекел (191 минг доллар) дан ортиқ бўлган фуқаролар дотация олмайди, аммо уларнинг фарзандлари ва бошқа оила аъзоларига пул берилади.

Маблағлар келаси ҳафтада ҳисобингизга тушади, деб ваъда берди мамлакат бош вазири Бинямин Нетаняху мамлакат фуқароларига.

"Кнессет менинг ташаббусим билан ҳар бир фуқарога дотация берилиши тўғрисидаги дастурни тасдиқлади. Пуллар ҳар бир исроилликнинг ҳисобига келаси ҳафтада тушади.. Бу ҳаётингизни енгиллаштирадиган ва иқтисодиёт ривожланишига ёрдам берадиган яна бир қадамдир", - деди у халққа телемурожаатида.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид