Ўзбекистон | 10:33 / 29.07.2020
2898
2 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО ва Евроиттифоқ Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида аҳоли турмушини яхшилашга ёрдам беради

Янги лойиҳанинг мақсади қишлоқ хўжалиги ҳамда ирригация соҳаларида техник ва профессионал таълимни такомиллаштириш, республиканинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмасини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборат.

Фото: Туризм қўмитаси

Ўзбекистон ҳукуматининг ЮНЕСКО ва Евроиттифоқ билан ҳамкорликдаги янги “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” дастурининг йўлга қўйилишига бағишланган онлайн йиғилиш бўлиб ўтди.

Туризм қўмитаси хабарига кўра, тадбирда бош вазир ўринбосари, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО масалалари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов, ЮНЕСКОнинг таълим масалалари бўйича бош директор ўринбосари Стефания Жаннини, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс, шунингдек вазирликлар, идоралар ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Маълум қилинишича, янги лойиҳанинг мақсади қишлоқ хўжалиги ҳамда ирригация соҳаларида техник ва профессионал таълимни такомиллаштириш, республиканинг қишлоқ жойларида ишга жойлашиш кўникмасини ривожлантиришга кўмаклашишдан иборатдир.

Коллежларда таълим бериш ва тайёрлаш жараёнларини модернизациялаш, коллежларни бошқариш, қишлоқ хўжалигида кўникмаларни ривожлантиришнинг янги усулларини татбиқ этиш, қишлоқ жойларда таълимнинг рақамли ва онлайн-офлайн усулларини жорий қилиш, қишлоқ хўжалигини юритишнинг халқаро ва миллий инновацияларга асосланган янги усулларини татбиқ қилиш янги дастурнинг муҳим компоненти бўлиб қолмоқда. Мазкур дастур қишлоқ ҳудудлардаги ишчиларни янги зарур кўникмалар билан таъминлайди: юқори технологик қишлоқ хўжалиги, такомиллашган механизация, масофавий зондлаш, GIS/GPS учувчисиз учар қурилмаларидан фойдаланиш, робототехника, биотехнология, йирик маълумотлар ва сунъий интеллект таҳлилини қўллаш кабилар шулар жумласидан.

Янги лойиҳа қишлоқ хўжалигида кўникмаларни ривожлантириш тизимининг сифати, долзарблиги, натижа ва самарадорлиги ошиши йўлида хизмат қилади. Шу билан бирга, лойиҳа қишлоқ хўжалиги секторларида янги ташаббус ва ёндашувларни ишлаб чиқиш, синаб кўриш ва йўлга қўйишга ёрдам беради. 

Ҳукумат томонидан ЮНЕСКО ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида йўлга қўйилаётган “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида ишга жойлашиш кўникмаларини ривожлантириш” дастурининг 4 йилга мўлжалланган лойиҳаси умумий суммаси 9,6 миллион еврони ташкил қилади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид