Ўзбекистон | 19:11 / 30.07.2020
12755
3 дақиқада ўқилади

«Коронавирусга чалинган, ёндош касалликлари бўлмаган ҳомиладор аёлларда умуман ўлим ҳолатлари кузатилмаган» – эксперт

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқармаси бошлиғи Барно Абдусамадованинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган, ёндош касалликлари бўлмаган аёлларда умуман ўлим ҳолатлари кузатилмаган.

«Коронавирусга чалинганлар орасида ҳомиладор аёллар ҳам учраб турибди. Ҳозирги кунга қадар 2,5 мингдан ортиқ ҳомиладор аёл карантин назоратига олинган бўлса, уларнинг 234 нафарида коронавирус инфекцияси тасдиқланган.

COVID-19 инфекциясини юқтирган ҳомиладор аёлларнинг 120 нафари соғайиб, уйига рухсат берилган. Минг афсуслар бўлсинки, касалликка чалинганларнинг 2,9 фоизи ўлим билан тугаган. Бу биз учун жуда мудҳиш ҳолат.

Ҳомиладор аёлларнинг қайси контингентида ўлим ҳолати кўпроқ юз берганига тўхталадиган бўлсак, 2,9 фоизнинг ичида оддий ҳомиладорликда коронавирус юқтирилганда касаллик оғир кечмайди. Ҳомиладор аёл ҳомиласини лозим даражада парваришлашни давом эттирса, санитария-гигиена қоидаларига риоя қилса, жараён енгил ўтади», дея Барно Абдусамадованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Унинг қўшимча қилишича, ҳомиладорлар ўртасида ўлим ҳолатлари кўпроқ ҳамроҳ касалликлари бор беморларда кузатилмоқда.

«Семизликнинг иккинчи, учинчи даражаси, юрак-қон томир етишмовчилиги, нафас тизими касалликлари, буйрак касалликлари ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Лекин тажрибада ҳамда ЖССТ изланишларида фақат коронавирусга чалинган, ёндош касалликлари бўлмаган аёлларда умуман ўлим ҳолатлари кузатилмаган.

Ҳозирги вақтда, яъни карантин даврида ҳомиладор аёлларнинг уйларидан имкон қадар ташқарига чиқишлари ман этилади. Чунки агар ҳомиладорда физиологик жараён кечаётган бўлса, мутахассислар уларга кўчага чиқиб, одамлар кўп тўпланадиган жойларга боришлари тақиқланади», дейди Барно Абдусамадова.

ССВ 29 июль куни Тошкентда иккинчи фарзандига ҳомиладор бўлган 22 ёшли аёл коронавирусдан вафот этганини маълум қилган, бироқ ўлим айнан қайси санада рўй берганини очиқланмаган.

Бунга қадар ҳам коронавирусга чалинган бир қанча ҳомиладор аёлларнинг вафот этгани ҳақида хабар берилган.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова 8 июль куни АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистонда шу вақтгача 208 нафар ҳомиладор аёлда коронавирус аниқланганини маълум қилган эди.

Мавзуга оид