Ўзбекистон | 17:40 / 30.07.2020
6560
2 дақиқада ўқилади

Сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури тасдиқланди — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Фото: iStock

Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Республикасида сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш дастури тасдиқланган.

Сейсмик хавфсизликни таъминлашнинг асосий йўналишлари белгилаб олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги ПҚ–3190-сон қарори билан тасдиқланган Сейсмология, сейсмик чидамли қурилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлиги бўйича идоралараро илмий-техник кенгашга Дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш вазифаси юкланди.

Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги зарур чораларни кўришга масъул бўлган давлат бошқаруви органи этиб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ижро этувчи тузилмасининг IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти таркибида Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилиши ҳамда шўъбанинг асосий вазифалари белгиланган.

Қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида юридик шахс тузмаган ҳолда Сейсмология, иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлигини ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этилади. Жамғарма, жумладан, илмий тадқиқотларга кўмаклашиш, тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш учун грантлар ажратади, республика аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш соҳасига рақамлаштирилган технологияларни жорий этиш, сейсмик чидамли қурилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ бўлган харажатларни молиялаштиради.

Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетини «Муҳандислик сейсмологияси» таълим йўналиши ва мутахассислиги, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини «Сейсмология ва сейсмометрия» таълим йўналиши ва мутахассислиги бўйича кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш юзасидан базавий олий таълим муассасалари этиб белгиланмоқда.

Турин политехника университети қошида Бино ва иншоотларни экспериментал тадқиқ қилиш илмий-техник лабораторияси ташкил этилади.

Мавзуга оид