Жаҳон | 11:29 / 31.07.2020
98240
18 дақиқада ўқилади

Ўзи йўқдек, овозаси ўқдек. Сирли қўшин – «Вагнер» ҳақида нималар маълум?

Ўрта асрларда Европада ким ҳақини тўласа, ўшанинг хизматини қилган ва унинг манфаатлари учун жангга кирган ёлланма жангчилар бўлган. Уларнинг хизматидан аслзодалар билан бирга ҳатто қироллар ҳам фойдаланган. Масалан, бугун Рим папасини швейцарияликлар гвардияси қўриқлаши ҳам ўша вақтдан бери давом этиб келаётган анъана ҳисобланади.

VITALY TIMKIV/TASS VIA GETTY IMAGES

Бугунги замонавий дунёда ана шундай маълум ҳақ эвазига ёлланиб, жанг қилаётган жангчиларни етказиб берадиган ҳарбий компаниялар бор. Улардан энг машҳури «Вагнер гуруҳи» деб номланадиган хусусий ҳарбий компания ҳисобланади. Хусусий ҳарбий компания ва унинг жангчилари ҳам бўлар эканми, деб ажабланишга ҳожат йўқ. Замонавий дунёда ҳамма нарса бор. Қолаверса, хусусий ҳарбий компанияларнинг аксарияти ўз фаолиятини бошқа ишлар билан хаспўшлашга уринади.

29 июль куни Беларусь нашрларида мамлакатда бир гуруҳ террорчилар ҳибсга олингани ҳақида хабар пайдо бўлди. Қўлга олинганларнинг ярми «Вагнер» жангчилари экани ва улар Беларусда яқинда ўтказиладиган президент сайлови олдидан қўпорувчилик ҳаракатларини содир этишни режа қилгани айтилди. Лукашенко бу ҳақда гапириб, Россиядан изоҳ кутишини маълум қилди.

АҚШ қора рўйхати

«Вагнер» норасмий қуролли тузилма бўлиб, ОАВ унинг Россияга тегишли экани ёзади («ЧВК Вагнер»). Ушбу гуруҳ 2014 йилдан бери Украина шарқида, сўнг Сурияда ва Африканинг турли ҳудудларида жанговар ҳаракатларда қатнашгани айтилади. 2017 йил июнь ойида «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган. Шундан сўнг унинг умумий қабул қилинган ушбу номи маълум маънода қонунийлашади. Чунки ўша рўйхатда ушбу ташкилот PMC «Wagner» номини олади ва қора рўйхатда «Украина айирмачилари» бўлимидан жой олади (Е.О. 13660 Designations of Ukrainian Separatists).

«Вагнер» тарихи

Молькинодаги полигон «Вагнер» жангчиларининг Украина шарқи, Сурия ва Африка томон йўлларининг бошланиш нуқтаси бўлганди
VITALY TIMKIV/TASS VIA GETTY IMAGES

«Вагнер» ХҲК ҳақида биринчи марта 2015 йил октябрь ойида таҳририят манзили Санкт-Петербург шаҳрида жойлашган «Фонтанка.ру» сайти ёзган эди. Унда маълум қилинишича, 2013 йилда савдо кемаларини қароқчилардан ҳимоя қилишга ихтисослашган Moran Security Group ХҲКнинг россиялик менежерлари Вадим Гусев ва Евгений Сидоров «Славянский корпус» ХҲКни Ҳонгконгда рўйхатдан ўтказади ва «Суриядаги нефть конлари ва қувурларини ҳимоя қилиш» учун 267 нафар ишчини вақтинчалик меҳнат шартномаси асосида ишга ёллайди.

Улар ўшанда «ёлланма ишчилар» ниқоби остида собиқ ҳарбийларни йиға бошлайди ва бу ёлланма жангчилар Сурияда бўлиб ўтаётган фуқаролар урушида ҳукумат қўшинлари тарафида туриб жанг қилади. Орадан бироз ўтиб Россияга қайтган «Славянский корпус» ХҲК жангчилари ва раҳбарлари ёлланма ҳарбий хизмат учун ҳибсга олинади ва бироз ўтиб шубҳали тарзда уларнинг ҳаммаси қўйиб юборилади. Кейинчалик «Славянский корпус» ХҲК таркибида Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган собиқ ҳарбийларнинг «изи» Украина шарқидаги айирмачилар орасидан топилади. Улардан бири 2013 йил «Славянский корпус» ХҲК таркибига ўтгунча Россия Федерацияси Қуролли кучлари Бош штаби бош бошқармаси махсус бўлинмаси сафида хизмат қилган подполковник Дмитрий Валерьевич Уткин эди.

«Вагнер» номи ҳам Буюк Британиянинг The Times нашри таъбирича, Учинчи Рейх (фашистлар Германияси)га бўлган иштиёқи туфайли Уткин томонидан танланган.

2017 йил август ойида Туркиянинг консерватив «Янги Шафақ» (Yeni Şafak) газетасида «Вагнер»да Уткин фақат номинал шахс бўлиши мумкинлиги, бу ташкилотни бошқалар бошқариши эҳтимоли ҳақида мақола чоп этилган.

Молиялаштириш ва бўйсуниш

«Вагнер» ХҲК на ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ва на юридик шахслар реестрида қайд этилган ва унинг жангчилари расмий ходимлар рўйхатида йўқ. Россиянинг The Bell сайти маълумотларига кўра, «Вагнер» Россия қуролли кучлари Бош штаб бош бошқармаси томонидан махфий тарзда назорат қилинади. Россия ва Ғарбдаги айрим таҳлилчиларга кўра, «Вагнер» Россия мудофаа вазирлиги таркибидаги яширин бўлинма бўлиб, у тўғридан тўғри Россия ҳукуматига бўйсунади.

The Bell сайти 2015 йилда «Вагнер»нинг йиллик харажатларини 5-10 миллиард рублгача баҳолаган. Бу харажатларга йиллик иш ҳақи, базани кўчириб бориш, турар жой ва овқатланиш, турли ускуналар учун бир марталик харажатлар, жангларда ҳалок бўлганларнинг оилаларига товон пули тўлаб бериш кабилар киради. «Вагнер» таркибида хизмат қилганларга пул нақд тўланган ва улар ҳеч қаерда расмийлаштирилмаган. Қурол-яроқ ва ускуналар яширинча сотиб олинган. The Bell сайтига кўра, «Вагнер» ва бошқа ХҲКлар давлат ва «юқори мартабали тадбиркорлар» томонидан молиялаштирилган. Жараён тепасида асосан давлат буюртмалари билан ишлайдиган петербурглик таниқли тадбиркор Евгений Пригожин турган, ХҲКнинг таъминоти билан унинг компаниялари шуғулланган.

BBC тарқатган хабарга кўра, «Вагнер» ХҲК таркибида хизмат қилиб 2017 йилда Сурияда ҳалок бўлган Андрей Литвиновнинг қариндошларига ўша пайтда 5 миллион рубль миқдорида товон пули тўланган. Дафн маросимини ташкил қилиш учун яна 100 минг рубль қўшимча маблағ берилган.

Бошқарув

«Фонтанка.ру», BBC ва The Bell нашрларига кўра, ташкилот номидаги Вагнер бу – подполковник Дмитрий Уткин бўлиб, 2013 йилгача у Россия Қуролли Кучлари Бош штаби махсус бўлинмаси 2-алоҳида бригадасининг 700-сонли махсус бўлинмаси қўмондони бўлган (ушбу махсус бўлинма Псков области Печора шаҳрида жойлашган). Истеъфога чиққач, Уткин Moran Security Group ХҲКда ишлаган ва 2013 йилда «Славянский корпус» ХҲК таркибида Суриядаги фуқаролар урушида қатнашган.

Кремлдаги қабул. Суратда Владимир Путин Дмитрий Уткин ва унинг ўринбосари Андрей Трошев билан

2016 йилда Дмитрий Уткин Кремлда ўтказилган «Ватан Қаҳрамонлари куни»ни нишонлаш маросимида қатнашади. Ана шу маросимда бир қатор бошқа ҳарбийлар қаторида у ҳам Владимир Путин томонидан «Жасорат» ордени билан мукофотланади ҳамда бир гуруҳ ҳарбийлар билан биргаликда Россия президенти билан суратга тушади.

Бироз ўтиб «Вагнер»нинг 1 ва 4-махсус бўлинмалари бошлиқлари Александр Кузнецов ҳамда Андрей Богатов, гуруҳнинг ижрочи директори Андрей Трошев ҳам бўлган ўша фотосурат нашр этилиши можарога сабаб бўлади. Дмитрий Уткиннинг ушбу тадбирда қатнашгани бир неча кундан кейин ҳеч бир изоҳсиз расман тасдиқланади.

2017 йилнинг ноябрь ойида «РБК» нашри Уткинни Евгений Пригожиннинг «Конкорд менежмент ва консалтинг» ресторан ҳолдинги компанияси бош директори лавозимига тайинланганини эълон қилади.

«Фонтанка.ру», Znak.com, BBC ва The Bell нашрлари «Вагнер гуруҳи»нинг Краснодар ўлкасидаги Молкино ўқув полигонида ўқув-машғулот базаси мавжудлигини ва у ерда машғулотлар 2015 йил ўрталарида бошланганини маълум қилган.

«Вагнер» фаолияти

Украинада

2017 йил 7 октябрь куни Украина хавфсизлик хизмати «Вагнер» жангчилари Донбассдаги можарода 2014 йилдан бери айирмачилар томонида туриб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиб келаётганини маълум қилади. УХХ маълумотларига кўра, «Вагнер» гуруҳи жангчилари Ил-76 самолётини уриб туширишда, Луганск аэропорти ва Дебальцевони босиб олишда иштирок этган.

2017 йил 8 октябрда УХХ Украина шарқида айирмачилар томонида туриб жанг қилган ва Луганск аэропорти ва Дебальцевони босиб олишда иштирок этган «Вагнер» аъзоларининг исм-шарифларини эълон қилди. Ўша пайтда УХХ раҳбари Василий Грицак «вагнерчилар» Дмитрий Уткин бошчилигида нафақат Луганск, балки Донецк ва Қримдаги ҳарбий ҳаракатларда ҳам қатнашганини маълум қилганди.

Шунингдек, «Луганск халқ республикаси»нинг мудофаа вазири бўлган Александр Бедновнинг ўлими ҳам «Вагнер» билан боғлиқлиги айтилади. Беднов бошлиқ лугансклик айирмачилар «Вагнер» томонидан Украина ҳарбийларига қарши қўйилган пистирмага дуч келган ва тушунмовчилик ортидан бошланган ўзаро жангда ҳалок бўлган.

Сурия ва Суданда

BBC нашри маълумотларига кўра, Украина шарқида айирмачилар позицияси бироз мустаҳкамлангандан сўнг «Вагнер » 2015 йил октябрь ойида Сурияга юборилади. У ерда Россия ҳарбий базасига қилинган миномёт ҳужуми чоғида гуруҳ жиддий йўқотишларга учрайди. «РБК» нашрининг маълум қилишича, гуруҳ жангчилари 2016 йил март ойида Пальмирани озод қилишда қатнашган. «Фонтанка.ру» нашрининг маълум қилишича, Сурияда бўлган гуруҳ жангчиларининг умумий сони 400 кишини ташкил этган.

2015 йил кузидан 2016 йил баҳорига қадар Суриядаги ҳарбий ҳаракатларда гуруҳнинг 32 нафар жангчиси ўлдирилган, 80 нафари турли даражада тан жароҳатлари олган. 2017 йил бошида, «РБК» нашри ва Conflict Intelligence Team (CIT) ташкилоти «Вагнер»нинг олти нафар ёлланма жангчиси Суриядаги фуқаролар уруши пайтида ҳалок бўлганини маълум қилади.

2017 йил декабрь ойида BBC Судандаги фуқаролик урушида «Вагнер» ХҲК жангчилари иштирок этаётганини ва улар Умар Башир ҳукумати томонида туриб жанг қилганини маълум қилади.

2018 йил 15 февраль куни Суриянинг Инсон ҳуқуқлари мониторинги маркази Табия Жазира аҳоли пунктида (Дейр аз-Зор вилояти) ўқ-дорилар омбори портлаши оқибатида «Вагнер» ХҲК таркибида жанг қилган 15 нафар россиялик ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган.

2018 йил 7 февралда Суриянинг Ҳашам шаҳри яқинида бўлиб ўтган жангларда «Вагнер» жуда катта йўқотишга учрайди. Ўшанда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан берилган авиазарбалар сабаб турли манбаларга кўра гуруҳнинг 100 нафар жангчиси ўлдирилади, 200 нафари ярадор бўлади. Ўша пайтда Россияда давлатга қарашли телеканаллар Сурияда «Вагнер»нинг на полки (1000 нафар жангчи бўлади) ва на батальони (500 нафар жангчи бўлади) борлиги, балки бир неча взводдан иборат оз сонли жангчилари бўлганини айтиб чиқишади. Ваҳоланки, Дмитрий Песков 2020 йил 30 июль куни Россияда «Вагнер» деган гуруҳ йўқлигини айтди.

Шунингдек, 2018 йил 8 февраль куни Россия мудофаа вазирлиги ҳам русларнинг Ҳашамдаги тўқнашувларда қатнашганини тасдиқламайди. Аммо гувоҳлар Ҳашам яқинидаги жангларда «Вагнер» жангчиларининг катта гуруҳи қатнашганини маълум қилган.

2018 йил 13 февралда «Яблоко» партиясидан Россия президентлигига номзод Григорий Явлинский Владимир Путинга мурожаат қилиб, Сурияда Россия фуқаролари борлиги ва ҳалок бўлгани ҳақида оммавий ҳисобот тақдим этишни талаб қилади. 14 февралда эса президентликка яна бир номзод Ксения Собчак Суриядаги россияликлар ўлими юзасидан парламент текширувини ўтказишни таклиф қилади.

2018 йил 14 февраль куни Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Сурияда россиялик ҳарбий хизматчилар йўқлиги, маълум миқдорда ҳарбий бўлмаган Россия фуқаролари бўлиши мумкинлигини тан олади ва россиялик ёлланма жангчиларнинг Ҳашамда оммавий равишда ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотларни ёлғон деб атайди.

15 февраль куни Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Сурияда 5 нафар россиялик ҳалок бўлганини, аммо улар Россия қуролли кучларига таркибида хизмат қилувчи ҳарбийлар эмаслигини маълум қилади. «Вагнер» жангчилари Сурияда ҳанузгача фаолият олиб бораётгани айтилади.

Ливияда

 

2018 йилнинг ноябрида «Новая газета» Евгений Пригожин Сергей Шойгу ва Халифа Хафтар ўртасидаги музокараларда иштирок этгани ҳақида ёзганди

2020 йил май ойида ОАВда БМТнинг Ливияга қарши санкциялар бўйича қўмитаси кузатув миссиясининг ҳисобот маълумотлари эълон қилинди. Унга кўра, Ливияда «Вагнер»нинг 1200 нафарга яқин ёлланма жангчилари генерал Халифа Ҳафтар томонида туриб, Ливиянинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукуматига қарши курашган. БМТ кузатув миссияси ҳисоботида россиялик ёлланма жангчиларнинг сони ҳақида «бир қанча визуал алоқалар ва очиқ манбалардан олинган маълумотларга асосланган тахминий рақам» дейилади.

Ҳисоботда ёзилишича, россиялик ёлланма жангчилар Ливияда 2018 йилдан бери «ҳарбий транспорт воситаларини тузатиш ва жанговар операцияларда техник ёрдам кўрсатиш, электрон кузатувга қарши курашишда маслаҳат бериш» ниқоби остида жанговор ҳаракатларда иштирок этмоқда.

Терминологик ва ҳуқуқий нюанслар

ОАВда Суриядаги жангларда қатнашган, аммо расман ҳарбий бўлмаган Россия фуқаролари contractors (пудратчилар) ёки PMCs (private military contractors – хусусий ҳарбий пудратчилар) деб номланади. Ушбу контекстдаги пудратчилар сўзининг русча кўриниши «пудратчилар» эмас, балки «пудратчи ташкилотнинг ходимлари» маъносида келади. Шунга кўра, PMCs «хусусий ҳарбий хизмат кўрсатувчи ташкилот ходимлари» деган маънони англатади. Афтидан, «ёлланма» (mercenary) сўзини ишлатмаслик АҚШ Женева конвенцияси 1977 йилдаги Биринчи қўшимча протоколини имзоламагани билан изоҳланади. Унинг 47-моддаси 2-бандида қайси шахс ёлланган деб ҳисобланишига изоҳ берилган. Ушбу ҳужжатнинг имзоланиши хусусий ҳарбий секторда хизмат қилаётган ташкилотларнинг ишини сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкин.

Шунингдек, Америка Қўшма Штатлари ва Буюк Британия 2001 йил 20 октябрдаги ҳарбий мақсадлар учун ишчиларни ёллаш, улардан фойдаланиш, молиялаштириш ва ўқитишга қарши халқаро конвенцияни (International Convention against the Recruitment, Use, Financing and Training of Mercenaries) имзоламаган.

Гарчи қонунларида ёлланма одамларни, улардан қуролли можаро ёки урушларда фойдаланиш учун ўқитиш, молиялаштириш, моддий ёрдам бериш ёки яна бошқа ишларга ёллаш тақиқланган ва жиноят бўлса-да (Россия Федерацияси жиноят кодексининг 359-моддаси), Россия ҳам ушбу конвенцияни имзоламаган.

Россияда бошқа давлат ҳудудидаги қуролли можароларда қатнашиш учун одам ёллаш ва ёлланиш тақиқланган. Бу иш учун жиноят кодексида етти йилгача қамоқ жазоси (359-модда) белгиланган. Шахсни ҳарбий мақсадлар учун ёллаш, ўқитиш ва молиялаштириш учун 15 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.

Россияда ХҲК фаолиятини қонунийлаштиришга бир неча бор ҳаракат қилинган. 2018 йил январда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ХҲКларнинг қонунийлаштирилишини ёқлаб чиқади. Ушбу қонун ташаббускорлари агар ХҲКлар фаолияти қонунийлаштирилса, ана шунда ёлланма жангчиларини чет элда терроризмга қарши операцияларда иштирок этишга жалб қилиш, нефть ва газ конлари каби турли муҳим объектларни ҳимоя қилишда улардан фойдаланиш, оммавий қирғин қуролларини сотиб олиш ёки сақлашни тақиқлаш ҳамда ижтимоий кафолатларни жорий этиш имконини беради, деб тахмин қилишади.

Ҳозирги вақтда ХҲК ходимлари ҳеч қандай ҳуқуқ ва имтиёзларга эга эмас, турли ҳуқуқ ва имтиёзлар Россия Федерацияси Қуролли Кучларининг контракт асосида хизмат қиладиган ҳарбийлари учун тақдим этилади.

2018 йил декабрда йиллик матбуот анжуманида Владимир Путин «Вагнер» ҳақида қуйидагиларни айтган эди:

«Энди «Вагнер» ва унинг таркибидаги одамлар нима қилаётгани ҳақида. Ҳамма қонун доирасида қолиши керак. Биз хусусий қўриқчилик фаолиятини бутунлай тақиқлашимиз мумкин. Аммо буни амалга оширишимиз биланоқ, улар сизга ушбу меҳнат бозорини ҳимоя қилишни талаб қиладиган кўплаб норозиликлар билан мурожаат қилишади. Бизда бу соҳада деярли бир миллион киши ишлайди. Агар ушбу «Вагнер» гуруҳи бирор қонунни бузаётган бўлса, у ҳолда унинг фаолиятига бош прокуратура ҳуқуқий баҳо бериши керак.

Уларнинг хорижий мамлакатларда ҳам фаолият кўрсатиши ҳақида гапирадиган бўлсам, яна такрорлайман, агар Россия қонунларини бузмаса, улар дунёнинг исталган бурчагида ишлаш ва ўзининг бизнес манфаатларини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга».

Ҳар қанча ғалати бўлмасин, Путин бир вақтлар номигача айтган ва бу билан мавжуд эканини тасдиқлаган «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси 30 июль куни Кремль томонидан Россияда де-юре мавжуд бўлмаган ташкилот деб аталди.

Шу ўринда Ливияда Россия билан манфаатлари тўқнаш келган Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған «Вагнер» жангчилари Ливияда жанг қилаётганини ва бунга исбот сифатида Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу, Россия қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов, Ливия миллий армияси қўмондони Халифа Ҳафтар ҳамда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари деб аталган киши биргаликда акс этган фотосурат борлигини айтганди.

Мавзуга оид