Сирдарёда қайта тикланаётган уйларни таъмирлашда қатор камчиликларга йўл қўйилаётганлиги аниқланди
Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати томонидан Kun.uz’га тақдим этилган маълумотда сув тошқинидан зарар кўрган уйларни таъмирлаш жараёнида деворлар тўлиқ демонтаж қилинмасдан кафел терилгани, полиэтилен қувурларини деворлар орасига ўрнатишда лойиҳа талаблари бузилгани ва бошқа камчиликлар кўрсатиб ўтилган.
«Уйларни таъмирлаш жараёнларида бир қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилаётганлиги аниқланган. Хусусан, 92 ва 93-уйларнинг ювиниш хоналарида деворлар тўлиқ тозаланиб, демонтаж қилинмасдан, кафел териш юмушлари олиб борилган. Хоналарнинг ички оралиқ деворларига ўрнатилган эшиклар атрофи махсус кўпиклар билан тўлдирилмасдан, тахталар билан ёпилган.
96 ва 97-уйларда ҳам худди шундай камчиликларга йўл қўйилган. Уйларнинг ювиниш хоналаридаги деворлар тўлиқ тозаланмаган, кафел теришга ҳам киришилмаган. Иситиш тизимидаги полиэтилен қувурларини деворлар орасига ўрнатишда лойиҳа талаблари бузилишига йўл қўйилган. Шунингдек, хоналарнинг ички оралиқ деворларига ўрнатилган эшиклар атрофи махсус кўпик билан тўлдирилмасдан уларга тахталар қоқилган. Бундан ташқари, уйларда қурилиш-монтаж ишлари тўхтаб қолган.
Бундан ташқари, 94 ва 95-уйларнинг томларига тарновлар ўрнатилмаган. Уйларнинг ташқи тарафидаги кафеллар ҳам тўлиқ терилмаган. Хоналарнинг иситиш тизимидаги полиэтилен қувурларининг деворлар орасига гилзалар қўйилмаган ва клипсаларни 400-450 мм.ли ўлчамдагиси ўрнига 550-600 мм.лиги ўрнатилган. Лойиҳа талабига кўра, полиэтилен қувурлар полдан 100 мм.ли баландликда ўрнатиш кўзда тутилган, лекин амалда улар полнинг устига жойлаштирилган. Оқибатда лойиҳа талаблари бузилган», дейилади вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг ахборотида.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти ва Тошкент вилояти қурилиш назорати инспекциялари, Тошкент вилояти «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси томонидан аниқланган камчиликлар бугунги кунда бартараф этишга киришилган.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълумотларига кўра, 2020 йил 31 июль ҳолатига кўра 120 хонадонда ички пардозлаш ишлари якунланган бўлиб, қолган 8 тасида давом эттирилмоқда. Ҳар бир хонадон ичимлик суви ва табиий газга уланмоқда. Шунингдек, тошқиндан зарар кўрган йўллар тўлиқ таъмирланмоқда. Ҳозиргача тўлиқ қурилиш-монтаж ишлари якунланган 118 та хонадон эгаларига яшаш учун топширилган. Қолган уйлар 5 август санасида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, бугун Тошкент вилоятининг тасарруфига берилган ҳудудда қурилиш-тиклаш ишларига жалб этилган қурувчи ва ишчилар, сув тошқини талафотларини бартараф этишда қатнашган ҳарбийлар учун байрам дастурхони ташкил этилиб, ош тарқатилгани хабар берилган эди. Қолаверса, Қурбон ҳайити муносабати билан сув тошқинидан катта зарар кўрган 128 та хонадонга вилоят ҳокимининг ташаббуси билан 1 бошдан қорамол топширилиши белгиланган.
Мавзуга оид
12:37 / 05.11.2024
Сирдарёда буви ва невара қарийб 7 кг тилла тақинчоқни чегарадан яширинча олиб киришга уринди
13:10 / 06.10.2024
Антикоррупция агентлиги: Сирдарё вилоятида 5 нафар ҳоким коррупциявий жиноят содир этган
13:20 / 29.09.2024
Сирдарёда Гулистон Сув иншоотлари бошқармаси ер кадастри бўлим бошлиғи ушланди
19:22 / 21.09.2024