Жаҳон | 22:40 / 01.08.2020
15661
2 дақиқада ўқилади

Лукашенко Россия Беларусга 200 нафар жангчини ташлашга уринганини айтди

Беларусь президенти Александр Лукашенко Россия Беларусь ҳудудига хусусий ҳарбий компаниянинг 200 жангчисини ташламоқчи бўлганлигини яширишга уринаётганлигини айтди.

"Булар Беларусга ташлаш режалаштирилган 180 ёки 200 кишининг биринчи гуруҳи деб тушунаман. Бу аниқ маълумот. Энди эса "дум"ни яширишга уриниб, бу гуруҳнинг ташрифи тўғрисида биз билан келишишганини айтишлари сафсата", - деди Лукашенко.

Унинг сўзларига кўра, Беларусда россиялик собиқ ёки амалдаги ҳарбий хизматчилар иштирокида қандай тадбир ўтказилмасин, икки давлатнинг тегишли идоралари ҳамкорлик қилади.

"Бизда Беларусга ҳарбий хизматчилар келишига фақат президент рухсат бера олади. Техника биланми, техникасизми, самолётлар, вертолётлар ва ҳоказо. Ҳеч ким ҳеч қандай рухсат бермаган", - деди Лукашенко.

"Катта оғаларимиз жим бўлиб қолди. Энди бу йигитларни Истанбулга жўнатишгани тўғрисида қичқиришмаяпти. Ҳеч қандай Истанбул бўлмаган ва бўлиши ҳам мумкин эмасди. Бу гуруҳнинг мақсади бошқа бўлганлиги аниқ. Терговнинг вазифаси ана шу мақсадни аниқлаш", - деб қўшиб қўйди у.

Эслатиб ўтамиз, 29 июль куни Беларусда «Вагнер» ХҲК жангчилари экани гумонланган 33 нафар россиялик қўлга олингани хабар қилинди.  

Беларусь раҳбари мамлакат ҳудудида россияликларнинг қўлга олинишини фавқулодда ҳодиса деб атади ва Россия томонидан тушунтириш талаб қилди.

Беларусь ҳукумати «Вагнер» аъзоларининг мамлакат пойтахтига келишини 9 август кунига белгиланган президентлик сайловлари олдидан мамлакатдаги вазиятни беқарорлаштиришга уриниш сифатида баҳолади.

Мавзуга оид