Жаҳон | 11:12 / 01.08.2020
43301
2 дақиқада ўқилади

Россия 11 августдан халқаро авиақатновни тўлиқ тиклаши мумкин. Ушбу масала муҳокама қилинмоқда

Россия 11 августдан бошлаб барча мамлакатлар билан халқаро авиарейсларни йўлга қўйиши мумкин. Ҳозир бу масала муҳокама қилинмоқда, аммо якуний қарор ҳали қабул қилинмаган, ёзмоқда ТАСС авиация соҳасидаги манбаларга таяниб.

Фото: Reuters

«11 августдан бошлаб барча мамлакатларга авиарейсларни очиш масаласи муҳокама қилинмоқда», - деди ТАСС манбаси.

Иккинчи манбага кўра, бундай ғоя ҳақиқатан ҳам яқинда Россия бош вазирининг ўринбосари Татьяна Голикова билан учрашувда муҳокама қилинган. Бугунги кундан бошлаб Россия фақат уч мамлакат: Буюк Британия, Туркия ва Танзания билан халқаро ҳаво қатновини қисман тиклади. Россия ва Абхазия ўртасидаги чегара ҳам очиқ.

Россияда янги коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича тезкор штаб халқаро парвозларни қайта тиклаш имконияти кўриб чиқилаётган мамлакатлар рўйхатини кенгайтириш масаласи ишлаб чиқилаётгани тўғрисида хабар берди.

Расмийлар бундан олдин Россия ҳаво қатновини фақат ўзаро келишув асосида қайта тиклашини таъкидлаган - агар хорижий давлатлар россияликларга чекловларсиз киришга рухсат беришга тайёр бўлса. Бу яқин орада Европа иттифоқига парвозлар қайта тикланиши эҳтимолдан йироқ эканини англатади: Европа комиссиясининг тавсияларига кўра, сўнгги 14 кун ичида касалланиш ҳолатлари сони 100 минг аҳолига 20 кишидан ошмаган мамлакатлардан ЕИга киришга рухсат бериш таклиф этилмоқда. Россия аҳолиси сони ҳисобга олинса, бу кунига икки мингга яқин ҳолатни билдиради - яъни, ҳозир рўйхатга олинаётганларга нисбатан қарийб уч баравар кам.

Мавзуга оид