Жаҳон | 18:36 / 03.08.2020
32814
2 дақиқада ўқилади

Киевда банкни портлатиш билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди. У ўзбекистонлик экани айтилмоқда

Банк биноси махсус топшириқли бўлинма томонидан қамал қилинди.

3 август кунининг иккинчи ярмида Украинадаги нашрлар номаълум шахс пойтахтдаги «Леонардо» бизнес марказида жойлашган банкда банк ходимини гаровга олиб, банкни портлатиш билан таҳдид қилаётгани ҳақида хабар тарқатди.

ANTON HERASHCHENKO VIA FACEBOOK

У музокара вақтида оёғига боғланган рюкзагида бомба борлиги, у исталган вақтда портлаши мумкинлигини айтган. У ўзини жонли эфирга чиқаришларини талаб қилган ва бир нечта телеканалларда чиқарилган ҳам.

Украина ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченко ушбу шахс асли ўзбекистонлик эканини маълум қилган.

«Дастлабки маълумотларга кўра, террорчилик актини амалга ошириш билан таҳдид қилган шахс — 1988 йил 25 мартда туғилган Каримов Сухроб Раҳмонович, Ўзбекистон фуқаросидир. Унинг ижтимоий тармоқларидаги постларига кўра, у психологик хаста шахс», дея ёзган Герашченко ўзининг Facebook’даги саҳифасида.

Кўп ўтмай Украина хавфсизлик хизмати махсус бўлинмаси банк ҳудудида амалиёт ўтказди. У банк биносида журналистлар билан гаплашаётган вақтда Украина хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.

«Буёғига суд ва узоқ муддатли қамоқ», деган Герашченко.

Бу сўнгги ҳафталарда Украинада полицияни оёққа тургизган учинчи шов-шувли ҳолат бўлди. 21 июль куни Луцкда 44 ёшли Максим Кривош йўловчи автобусни гаровга олганди. Президент Владимир Зеленский ўшанда террорчининг талабини қондириб, ижтимоий тармоқларда видеомурожаат жойлаштирган ҳамда «Ерликлар» фильмини томоша қилишга чақирганди. Кривош йўловчиларни қўйиб юборган, унинг ўзи қўлга олинган.

23 июль куни Полтавада номаълум шахс полициячини қўлга олди ва граната портлатиш билан таҳдид қилди. Кўп ўтмай у гаровдаги полициячини қўйиб юборди ва ўрмонга яширинди. Бир ҳафта ўтиб уни топишди, қўлга олиш вақтида у ўлдирилди.

Мавзуга оид