Ўзбекистон | 00:01 / 05.08.2020
8004
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондан 560 минг долларлик инсонпарварлик юклари келди – Қирғизистон ФВВ

Ўзбекистон Қирғизистонга яна бир бор инсонпарварлик ёрдамини жўнатган. Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазири Замирбек Асқаровнинг маълум қилишича, бу сафар юборилган ёрдамнинг умумий қиймати 560 минг долларни ташкил этади.

Фото: ЎзА

EADaily’нинг ёзишича, Ўзбекистондан 2 минг тонна буғдой уни, 9,5 мингта ҳимоя комбенизони, 12 минг дона тиббий ниқоб, 500 та ҳимоя кўзойнаги, 200 дона пирометр ҳамда 45 тонна хлор борган.

«Мазкур гуманитар ёрдам ҳудудлар ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари ўртасида тақсимлаб берилди », – деб айтган Қирғизистон ФВВ раҳбари.

«Кабар»нинг қайд этишича, халқаро ташкилотлар ҳам Қирғистонга ўзларининг инсонпарварлик кўмагини юборишган. Умумий қиймати қирғиз валютасида 9 млн сом бўлган ёрдам шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекция ишларини ўтказишда ишлатиладиган маҳсулотлардан иборат.

Қирғизистонда худди Ўзбекистондаги сингари такрорий карантин режими амал қилмоқда. Баҳорда жорий этилган дастлабки карантин чекловлари май ойига келиб юмшатилиши ортидаан мамлакатда коронавирус билан касалланиш кўрсаткичлари кескин ортиб кетди. Натижада ҳар икки мамлакатда карантин чоралари қайтадан жорий этилди, чекловлар қатъийлаштирилди.

Жон Ҳопкинс университети томонидан юритилаётган статистикага кўра, шу пайтгача Қирғизистонда 37541 киши коронавирусга чалинган, 1427 нафар бемор мазкур касаллик билан вафот этган.

Эслатиб ўтамиз, аввал ҳам Ўзбекистон қўшни давлатга бир неча бор инсонпарварлик ёрдамини юборган эди. Жумладан, Бош вазири Абдулла Арипов топшириғи билан Қирғизистонга экспресс-тестлар ва индивидуал ҳимоя воситалари тақдим этилган бўлса, темир йўл ҳамда ҳаво йўллари орқали ҳам пандемия даврида талаб юқори бўлган маҳсулотлардан иборат гуманитар кўмак юборилганди.

Мавзуга оид