Жаҳон | 07:43 / 06.08.2020
5822
2 дақиқада ўқилади

Покистонда намойиш вақтидаги ҳужум оқибатида 39 киши жароҳат олди 

 

Покистоннинг Карачи шаҳрида “Жамоат уламо-а-Исломий” мухолиф партияси ташкиллаштирган намойишда граната портлатилиши оқибатида камида 39 киши жароҳат олди. Бу ҳақда Dawn маҳаллий нашри маълум қилди. 

Намойиш Ҳиндистон томонидан Жамму ва Кашмир штатининг алоҳида мақоми бекор қилинишининг бир йиллиги муносабати билан ўтказилган. Бу штатга Покистон даъвогарлик қилади.

Полиция маълумотларига кўра, гранатани намойишчиларга мотоциклда ўтиб кетаётган икки киши улоқтирган. Таъкидланишича, жабрланувчилардан аксарияти енгил жароҳат олган, бир кишининг аҳволи оғир. 

Барча жароҳатланганлар яқин орадаги шифохоналарга етказилган, воқеа тафсилотлари аниқлаштирилмоқда. 

Ҳужум учун жавобгарликни Покистонда тақиқланган “Синдхудеш инқилобий армияси” айирмачилари ўз зиммасига олган.

5 августда Ҳиндистон Жамму ва Кашмир штатини тугатиб, унинг ўрнида штатдан кўра камроқ ҳуқуқларга эга иккита иттифоқдош ҳудуд ташкил этишга қарор қилган. Покистон бу қарорни қоралаб, Ҳиндистон билан дипломатик алоқалар даражасини пасайтирган ва қўшни давлат элчисини мамлакатдан чиқариб юборган. 

Мавзуга оид