Ўзбекистон | 22:07 / 06.08.2020
19739
4 дақиқада ўқилади

Россия-Қозоғистон чегарасидаги лагерда тўпланган 2 мингга яқин ўзбекистонлик ватанга қайтарилмоқда

Россияда қолиб кетган Ўзбекистоннинг қарийб 2000 нафар фуқароси «Ўзбекистон темир йўллари»нинг иккита поезди билан олиб келинади.

Россия Федерациясининг Самара ва Оренбург областларида, Қозоғистон билан чегарадан ўта олмай тўпланиб қолган 2 минг ўзбекистонлик махсус поездларда Ўзбекистонга олиб келинади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди.

«Бугун, 6 август куни Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Россия–Қозоғистон давлат чегарасидан ўтказиш масаласи бўйича Республика махсус комиссияси ҳамда Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан,  Ўзбекистон фуқароларини йўловчи поездлари орқали олиб келиш жараёни бошланди», дейилади хабарда.

Тошкент–Бузулук–Тошкент йўналишидаги поезд 918 нафар йўловчи билан бугун тунда Ўзбекистон томон йўлга чиқади.

Тошкент – Кинел – Тошкент йўналишидаги поезд эса 7 август куни 918 нафар йўловчилар билан тушдан сўнг ҳаракатланишни бошлайди.

Ушбу рейс чипталари фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун Бузулук ва Кинел вокзалларида сотилган. Бузулук-Тошкент йўналишидаги чипталар нархи 1 млн 287 минг сўм (9.259 рубл), Кинел-Тошкент – 1 млн 357 минг сўм (9.761 рубл)ни ташкил этган.

Йўл давомида йўловчи поездлар фақат техник кўрик учун тўхтатилади, яъни станция-вокзалларда йўловчиларнинг платформага тушишига рухсат этилмайди.

Поездлар Ўзбекистон Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари кузатуви остида олиб келинади.

«Ушбу рейсларда олиб келинган йўловчилар поездлардан тушиши биланоқ Наманган ва Тошкент вилоятларининг карантин зоналарига юборилади. Айнан шу жиҳатни инобатга олган ҳолда йўловчиларнинг қариндош ва яқинлари уларни кутиб олиш мақсадида вокзалга ташриф буюрмасликларини сўраб қоламиз. 

Эслатиб ўтамиз, кўрилаётган карантин чоралари сабабли, МДҲнинг қатор давлатларида мамлакатга кириш-чиқишга чекловлар Ўзбекистонда ҳам жорий этилган ва улар Ўзбекистон Республикаси махсус комиссиясининг тегишли қарори билан бекор қилинмагунича амалдаги кучга эга.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида мазкур йўналишда ташкил этилган поездларга чипталар турли коррупцион схемалар орқали сотилиш ҳолатлари кузатилаётгани тўғрисида асоссиз хабарлар тарқалмоқда. Транспорт вазирлиги йўловчилардан борди-ю, чипталарни харид қилиш вақтида ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилиши билан боғлиқ вазиятларга дуч келган тақдирда вазирликнинг 1167 қисқа рақамли ишонч телефонига, шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллар«» АЖ (71) 299-94-50  ишонч телефонига мурожаат этишларини сўраб қоламиз», дейилади вазирлик ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистоннинг коронавирус пандемияси туфайли давлат чегараларини ёпгани оқибатида ватанга қайта олмаган.

5 август куни Mash Youtube-канали Россия-Қозоғистон чегарасида жойлашган мигрантлар вақтинчалик лагерларида бўлиб, лагерда яшаётган юзлаб ўзбекистонликлар ёрдам сўраётгани ҳақида хабар берганди.

Шунингдек, Россиянинг Самара вилоятида қолиб кетган қарийб 500 нафар ўзбекистонлик ортга қайтиш учун Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишга урингани тўғрисида хабар берилганди. Кейинроқ Оренбург вилояти расмийлари Ўзбекистон фуқаролари 6 август куни чегарани кесиб ўтишлари мумкинлиги тўғрисида маълум қилган.

Июль ўрталарида чегара яқинидаги чодирларда минглаб ўзбекистонликларнинг қолиб кетгани ҳақида хабарлар берилганди. Улар ҳам поезд орқали ватанга қайтарилган.

Мавзуга оид