Ўзбекистон | 22:14 / 06.08.2020
5284
3 дақиқада ўқилади

Ташқи ишлар вазирлигининг меҳнат миграцияси муаммоларини ҳал қилишдаги ишлари етарли самара бермаяпти – Сенат

Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар аниқланган.

Қайд этилишича, 6 август куни юқори палата қўмиталарининг мажлислари бўлиб ўтган. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишларда Сенатнинг олтинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган қонунлар ва бир қатор масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилган.

Сенат ахборот хизматининг хабар беришича, халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида Ташқи ишлар вазирининг фаолияти ҳақидаги ахбороти кўриб чиқилган.

«Вазирлик томонидан мамлакатимиз ташқи сиёсатини амалга ошириш, хорижий давлатлар билан муносабатлар, халқаро ва минтақавий ташкилотларда Ўзбекистоннинг манфаатларини ҳимоя қилиш борасида муайян ишлар олиб борилаётгани қайд этилди. Бунда вазирлик ва идоралар, муассасаларнинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича фаолиятини мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Шу билан бирга, қўмита томонидан ўтказилган ўрганиш жараёнида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар аниқланган. Хусусан, вазирликнинг экспортни рағбатлантириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва туризмни ривожлантириш соҳаларида республика ҳудудларига амалий кўмак бериш, жойлардага тадбиркорларнинг ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдаги билим ва малакасини ошириш ҳамда меҳнат миграцияси муаммоларини ҳал қилишдаги ишлари етарли самара бермаяпти. Шу жиҳатдан сенаторлар вазирлик фаолиятини такомиллаштириш борасида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Сўнгра Россия Федерациясида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди», дейилади расмий хабарда.

Таъкидланишича, парламент сўрови Олий Мажлис палаталари, Президент қабулхонаси, Омбудсман, ҳудудлар ҳокимликларига, мамлакатимизнинг Россия Федерациясидаги дипломатик ваколатхонасига келиб тушаётган фуқароларнинг кўпсонли мурожаатлари асосида шакллантирилган.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг 7 август куни видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган олтинчи ялпи мажлисида «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурининг 2020 йил биринчи ярим йиллик ижроси юзасидан ташқи ишлар вазирининг ахбороти кўриб чиқилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид