Ўзбекистон | 19:34 / 06.08.2020
6927
2 дақиқада ўқилади

Йил якунига қадар 4200 нафар фуқаро Россиядаги йирик қурилиш объектларига ишга юборилади

Россия Нефть ва газ илмий-тадқиқот ва лойиҳалаштириш институти раиси ўринбосари Денис Мишченко бошчилигида «Renaissance Heavy Industries» ва «Yamata Yatirim İnşaat Turizm ve Ticaret Anonim Şirketi» компаниялари вакилларидан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Фото: Егор Алеев / ТАСС

 Вазирлар Маҳкамасининг Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик департаменти ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида делегация аъзолари билан учрашувлар ўтказилди.

 “Учрашувларда пандемия шароитида меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига ташкиллаштирилган ҳолда ишга жалб қилиш, уларга касб ва тил ўргатиш каби масалалар муҳокама этилди. Шунингдек, икки давлат ўртасидаги меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, коронавирус пандемияси сабабли Россия Федерациясига вақтинча ишлаш учун кетолмаган ва ишсиз қолган ўзбекистонлик фуқаролар бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратиш масаласи муҳим аҳамият касб этаётгани қайд этилди”, дейилади Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги хабарида.

Қайд этилишича, икки томонлама музокараларда йил якунига қадар 4200 нафар фуқарони йирик қурилиш объектларига ишга жалб қилиш, улар учун қулай шароитлар яратиш, транспорт, ишлаш учун ҳужжатларни расмийлаштириш, иш ҳақи ва бошқа масалалар бўйича кейинги вазифалар белгилаб олинди.

Эслатиб ўтамиз, 31 июль куни 144 нафар фуқаро ташкиллаштирилган ҳолда Россиянинг Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида ишлаш учун чартер рейс орқали учиб кетган эди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид