Жамият | 21:56 / 07.08.2020
4180
2 дақиқада ўқилади

Пандемия даврида аҳоли бандлиги кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим Ҳусанов пандемия даврида аҳолини иш билан таъминлаш борасида кўрилган тезкор амалий чоралар ҳақида ахборот берди.

«2020 йилнинг 1 август ҳолатига кўра, 617 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Шундан 506 минг нафари айнан пандемия даврига тўғри келди.

Ташқи миграциядан қайтган ва хорижга ишга кета олмаган фуқароларга субсидия ажратиш механизми жорий қилинди. Жумладан, фуқароларга энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 30 бараваригача миқдордаги маблағ шахсий томорқаларини ривожлантириш учун берилди. Ҳозиргача 25 минг оила иш билан таъминланиб, бунинг учун 54 млрд сўм маблағ сарфланди», деди вазир Сенатнинг 6-ялпи мажлисида.

Қайд этилишича, Хитойнинг камбағалликни қисқартириш борасидаги тажрибаси ўрганилиб, аҳоли энг кам иш ҳақининг 10 бараваригача бўлган маблағ асосида иқтисодий қўллаб-қувватланди. Натижада 3 ой ичида 318та кооператив ташкил қилиниб, 16 минг киши меҳнатга жалб қилинди. Бунинг учун жами 26 млрд сўм пул сарфланган.

«Йил якунигача яна 327та кооператив ташкил қилиш ва уларга 17 минг нафар аҳолини жалб қилиш режалаштирилган. Бундай кооперативларнинг17таси ҳунармандчиликка асосланиб, хотин-қизларни бирлаштиради.

Ўз-ўзини банд қилиш йўналишлари 24тадан 67тага кўпайтирилди. Шунингдек унинг тўлови 1 миллион 50 минг сўмдан 115 минг сўмга туширилди. Ҳозирда республикада 201 минг нафар фуқаро ўз-ўзини банд қилган. Йил якунигача бу кўрсаткич 50 минг нафарга етиши кутилмоқда», дейилади вазир ҳисоботида.

Мавзуга оид