Ўзбекистон | 19:41 / 07.08.2020
3157
3 дақиқада ўқилади

Қийноққа солиш ва ғайриинсоний муомала ҳолатлари бўйича ИИВ ва Бош прокуратурага парламент сўрови юборилади

Олий Мажлис Сенати Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратурага қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш каби жиноятлар содир этилиши ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Юқори палатанинг 6-ялпи мажлисида қайд этилишича, таҳлиллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушлаб турилган, қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга нисбатан ноқонуний таъсир чоралари амалиётда учраётганини кўрсатмоқда.

Сенатор Ботир Матмуратов қийноққа солиш ҳолатлари статистикаси ҳақида маълумот берди.

«Мазкур масалалар бўйича Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман) номига 2017 йилда 24та, 2018 йилда 101та, 2019 йилда 138та ва 2020 йилнинг 25 май ҳолатига 40та мурожаат келиб тушган. Вакил номига келиб тушаётган шикоятлар сони йилдан йилга кўпайиб бормоқда. Ушбу мурожаатларнинг барчаси назоратга олинган ҳолда кўриб чиқиш учун Бош прокуратурага ва Ички ишлар вазирлигига юборилган.

Бироқ юборилган мурожаатларнинг бир қисми юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижалари ҳақида маълумотномалар вакилга тақдим этилмай келмоқда.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва назорат идоралари ходимлари ҳамда бошқа шахслар Жиноят кодексининг 235-моддасида (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳақида) назарда тутилган жиноятни содир этганлиги натижасида 96 нафар шахсга нисбатан жами 25та жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилган. Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз жазо турларини қўллаганлик учун 2017 йилда 8 нафар, 2018 йилда 4 нафар ва 2019 йилда 6 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходими жавобгарликка тортилган», деди у.

Қайд этилишича, қийноққа солиш амалиётининг ҳалигача учраётгани Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Жаҳон банкининг бошқарув сифати индикаторларининг сиёсий барқарорлик ва зўравонлик йўқлиги субиндикатори бўйича 212та давлат орасида 136-ўринни эгалламоқда. «Жаҳон одил судлов лойиҳаси» халқаро ноҳукумат ташкилотининг ҳуқуқ устуворлиги индексининг асосий (фундаментал) ҳуқуқларнинг таъминланганлиги индикатори бўйича эса 128та мамлакат орасида 110-ўринни эгаллаб турибди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид