Спорт | 20:13 / 07.08.2020
4743
4 дақиқада ўқилади

Сенат: Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларнинг 24 фоизида спорт заллари мавжуд эмас

Парламент юқори палатасининг олтинчи ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида парламент сўрови юбориш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Ялпи мажлисда сўнгги уч йилда мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш бўйича ислоҳотлар амалга оширилгани, хусусан, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ташкил этилиб, 2025 йилгача жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш концепцияси қабул қилингани таъкидланган.

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Нукус филиали, Россия давлат жисмоний тарбия, ёшлар, спорт ва туризм университетининг Самарқанд филиали, Беларусь давлат жисмоний тарбия университети билан ҳамкорликда қўшма жисмоний тарбия, спорт ва туризм факультети фаолият бошлаган.

Қолаверса, 2019 йилда Инвестиция дастурига мувофиқ 244,2 млрд. сўм ҳисобига 69та спорт объекти қурилган. Олис ва чекка қишлоқларда жами 421та енгил конструкцияли кичик спорт заллари ва сунъий қопламали спорт иншоотлари қурилиб, фойдаланишга топширилган.

2019 йилда оилалар ўртасида жами 53 мингдан ортиқ оммавий спорт мусобақалари ўтказилиб, уларга 4,2 млн. нафардан зиёд фуқаролар жалб қилинган.

Мажлисда олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда соҳада қатор муаммолар ҳам мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Жумладан, ҳудудларда яратилган спорт иншоотлари аҳолининг эҳтиёжларини тўлиқ қондира олмаяпти.

Республикада мавжуд жами 51 минг 583та спорт иншоотининг 87 фоизи туманларда ва 13 фоизи шаҳарларда жойлашган. Улар жами 1,3 млн. ўринга эга бўлиб, мамлакат аҳолисининг фақатгина 4 фоизини қамраб олмоқда.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Республика бўйича қўшимча 421та спорт иншоотига эҳтиёж мавжуд. Ушбу эҳтиёжлар асосан Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сирдарё, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида юқорилигича қолмоқда.

Бундан ташқари, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида баскетбол майдончаларини қуриш учун 96 фоиз (194та) шаҳар ва туманда ер майдони ажратилмаган. Спорт иншоотларини паспортлаштириш ишлари талаб даражасида олиб борилмагани оқибатида республикада мавжуд 51 минг 583та спорт иншоотининг 46 фоизи (4 867та) паспортлаштирилмаган.

Шунингдек, умумтаълим мактабларини спорт заллари билан таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган. Халқ таълими вазирлиги тизимидаги жами 9 942та умумтаълим мактабининг 24 фоизида (2 359та) спорт заллари мавжуд эмас.

Республикада 3,8 миллиондан зиёд бандлиги таъминланмаган ёшларни оммавий спортга жалб қилиш учун 248,5 мингдан ортиқ тадбир ўтказилишига қарамай, бундай тадбирларга уларнинг атиги 10 фоизигина қамраб олинган.

Шунингдек, Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда «Ю-репорт» ижтимоий рақамли платформасида юртимиздаги спорт иншоотларининг бугунги ҳолати ва фаолияти юзасидан ўтказган сўровнома натижалари ҳам соҳада бир қатор муаммолар мавжудлигини яққол кўрсатди.

Саккиз мингга яқин иштирокчи қамраб олинган сўровнома натижаларига кўра, ёшларнинг 49 фоизи жисмоний тарбия билан мунтазам шуғулланмайди, 20 фоизи спортнинг бирор-бир тури билан қамраб олинмаган. 19 фоиз иштирокчилар учун спорт тўгаракларининг нархи қиммат. 64 фоиз ёшлар спорт иншоотларига транспорт орқали боришга ёки узоқ вақт пиёда юришга тўғри келиши ноқулайлик туғдираётганини билдирган. 64 фоиз ёшлар ўз маҳаллаларида спорт иншоотлари йўқлигини ва спорт мусобақалари етарлича ташкил этилмаётганини қайд этган. Бу борада, айниқса, Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларида аҳвол қониқарсизлиги маълум қилинган.

Айниқса, давлат-хусусий шериклик шартлари асосида «Ҳар бир маҳаллада футбол майдони» дастури ижроси қарийб 6 мингта маҳаллада таъминланмаган. Масалан, Андижон вилоятида 867та, Самарқанд вилоятида 790та, Тошкент вилоятида 708та ҳамда Фарғона вилоятида 700та футбол майдончаси қурилмаган.

Бундан ташқари, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида кадрлар тайёрлаш, спорт мактабларини малакали мураббийлар ва тиббиёт ходимлари билан таъминлаш ишлари етарли даражада ташкил этилмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Сенат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига аҳолини, айниқса, ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш жараёнида юзага келаётган муаммолар тўғрисида парламент сўрови юбориш ҳақида қарор қабул қилди.

Мавзуга оид