Ўзбекистон | 18:12 / 10.08.2020
2559
2 дақиқада ўқилади

Санъат йўналишидаги ижодий имтиҳонлар видеотасвирга ёзиб олинади — ЎзДСМИ ректори

10 август куни АОКАда «2020/21 ўқув йилига тайёргарлик ва ижодий имтиҳонларнинг ташкил этилиши» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошевнинг сўзларига кўра, ижодий имтиҳонларни топшириш учун келган абитуриентларнинг ота-оналари бу йил институтлар ҳовлисига киритилмайди.

Ота-оналар учун ОТМ биноси ташқарисида жараённи телевизион кўриши учун шароит яратилади.

«Касбий имтиҳон топширган ҳар бир талабгор видеотасвирга олинади ва кейинчалик очиқ-ойдин кўрсатилади. Қўйилган баҳолар таҳлил этилади», – деди Иброҳим Йўлдошев.

Унинг қўшимча қилишича, имтиҳон олувчилар орасида мамлакатдаги таниқли санъаткорлар ҳам бўлади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетига киришда ижодий имтиҳонлар бекор қилингани ҳақидаги саволга жавоб берди.

«13та таълим йўналишида ҳам тест, ҳам ижодий имтиҳон олиниши белгиланган эди. Абитуриент имтиҳонга бир марта келишини таъминлаш учун ОТМлар раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, давлат комиссиясига таклиф киритилди.

Натижада абитуриентларнинг имтиҳонга бир марта келишларини таъминлаш мақсадида ижодий имтиҳонлар олиб ташланди ва ўрнига олдинги учинчи блок фанидан тест имтиҳонлари қўшилди», – деди Абдували Холиқов.

Гулзода Иброҳимова
Тайёрлаган Гулзода Иброҳимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид