Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Андижонда мутасаддилар мукофот пулини ола олмаётган СЭОМ ходимлари билан учрашди
Андижон вилоят ҳокими ўринбосари ва бошқа мутасаддилар бир неча ойдан буён рағбатлантириш пулларини олмаган СЭОМ ходимлари билан учрашди.
Бугун, 12 август куни Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Ўткирбек Шукуров ҳамда вилоят молия, соғлиқни сақлаш, санитария-эпидемиология осойишталик маркази бошлиқлари Андижон шаҳар СЭОМ ходимлари билан учрашди.






Вилоят ҳокими ўринбосари мурожаатчи ходимларнинг арзларини тинглаб, муаммоли ҳолатни ҳал этиш юзасидан молия, соғлиқни сақлаш мутасаддилари билан вазиятни таҳлил қилди. Вилоят ҳокимлиги молия бош бошқармаси бошлиғи Сардорбек Раҳмонов, вилоят СЭОМ раҳбари Дилмурод Набиев мурожаатчиларнинг томонидан берилган саволларига жавоб беришди.
Kun.uz мухбири учрашувдан сўнг вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Дилёрбек Расуловдан Андижон шаҳар СОЭМ ходимларининг муаммоси қачон ҳал бўлишини сўраган.

«Айни пайтгача Андижон СЭОМ ходимларига биздаги мавжуд ҳужжатларга асосан 6 фоизли қўшимча ҳақларни тўлаб келмоқдамиз. Ходимларга махсус рағбатлантирувчи тўловни бериш бўйича юқори турувчи ташкилотдан зарур кўрсатмалар келиши кутилмоқда», деган мутасадди.
Эслатиб ўтамиз, 11 август куни Kun.uz сайтида «Андижон шаҳар СЭОМ ходимларига бир неча ойдан бери мукофот пули берилмаяпти. Молия бўлими нимани кутмоқда?» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди. Унда Андижон шаҳар СЭОМнинг коронавирус вирусини аниқлаш бўйича, иш жойи ва шаҳар ичига чиқиб тест таҳлиллари олаётган 3 нафар шифокори ва 7 нафар лаборанти шу кунгача президент қарорига мувофиқ берилиши кўзда тутилган махсус рағбатлантирувчи тўлов тўланмаётгани муаммоси келтирилганди.