Ўзбекистон | 09:13 / 11.08.2020
18431
10 дақиқада ўқилади

Самарқандда коронавирусга қарши қандай курашилмоқда? СамДТИ проректори билан суҳбат

Kun.uz сайтининг пандемия мавзусидаги суҳбатларининг навбатдаги меҳмони – Самарқанд давлат тиббиёт институти проректори, тиббиёт фанлари номзоди, доцент, юқумли касалликлар шифокори ва вилоят коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Ярмуҳаммедова.

Мутахассис билан вилоятда касалликка қарши кураш қандай кечаётгани ҳақида суҳбатлашдик.

– Наргиза Анваровна, пандемия шароитида тиббиёт институти профессор-ўқитувчиларининг COVID-19 бўйича шифохоналар билан амалий ҳамкорлиги йўлга қўйилганми?

Албатта, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг малакали профессор-ўқитувчилари томонидан 2020 йил апрель ойидан бошлаб ҳозирги кунга қадар COVID-19 бўйича тиббиёт муассасалари ва поликлиникаларига амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ўз иш фаолиятларини олиб боришмоқда.

Тиббиёт муассасаларига бириктирилган профессор-ўқитувчиларимиз ССВ томонидан ишлаб чиқилган ва тавсия этилган миллий қўлланма, буйруқлар ва кўрсатмалар асосида тиббиёт ходимларига шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш тартиби, антисептиклар ва дезинфекцияловчи воситалар билан ишлаш қоидалари, карантин қоидаларига амал қилиш ва бажарилиш масалалари юзасидан мунтазам равишда тушунчалар ва керакли тавсиялар бериб келмоқдалар.

Институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан муассаса ходимларига коронавирус инфекцияси мавзусидаги янгиликлар, коронавирусли инфекция билан касалланган беморларни касалликнинг клиник белгилари ва оғирлик даражасининг ифодаланиши, ижтимоий шароитлари ўрганилган ҳолда уй шароитида даво муолажаларини ўтказилиши ёки шифохона шароитида даво муолажаларини олиш тартиби бўйича тиббиёт муассасаси ходимларига батафсил маълумотлар бериб келинмоқда.

– Вилоятда неча нафар шифокор бу касаллик бўйича ўқитилди ва даволаш жараёнига жалб қилинди?

– Cоғлиқни сақлаш вазирининг 22 мартдаги 77-сонли буйруғи асосида институт профессор-ўқитувчилари томонидан Самарқанд вилоятида 229 нафар коронавирус инфекцияси бўйича захира инфекционист, эпидемиолог, вирусолог, ПЦР-лаборант, реаниматолог мутахассислар тайёрланди ва уларга 18 соатлик сертификат берилди.

Бундан ташқари, 198 нафар врач-реаниматолог ва 112 нафар врач-пульмонолог короновирус инфекцияси асоратларининг олдини олиш мақсадида 144 соатлик цикл асосида ўқитилди.

Институти раҳбарияти ва мутахассисларидан ташкил топган 23 нафар ишчи гуруҳ томонидан ҳозирги кунга қадар 11 та оилавий ва 1 та марказий поликлиникада, 67 та давлат ва хусусий корхона-ташкилотларда ташкил қилинган ишлар карантин қоидаларига мослигини текшириш ҳамда амалий ёрдам бериш бўйича тарғибот ишлари олиб бормоқда.

Вилоят травматология ва ортопедия шифохонасидан 70 нафар шифокор, 50 нафар ҳамшира, 35 нафар кичик тиббий ходим, СамДТИ 2-клиникасидан 40 нафар шифокор, 35 нафар ҳамшира, 20 нафар кичик тиббий ходим, ВКТТМдан 80 нафар шифокор, 30 нафар ҳамшира, ВБКТТМдан 110 нафар шифокор, ОИТС марказидан 40 нафар шифокор, 50 нафар ҳамшира жами 515 нафар тиббиёт ходими; бундан ташқари, ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаларидан жами 455 нафар шифокор ўқитилди.

Яна 100 нафарга яқин пульмонолог, 33 нафар ИИБ ходими «Коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш» мавзусида, 10 нафар врач-лаборантни «Covid-19да ПЦР диагностика» мавзусида онлайн ўқитиш давом этмоқда.

– Самарқанд давлат тиббиёт институти қошида «онлайн – поликлиника» ташкил килинибди. Бу поликлиникани ташкил этишдан мақсад нима?

Беморларни даволаш учун энг муҳим тизимлардан бири бу бирламчи даволаш муассасалари ҳисобланган поликлиникалардир. Чунки одам касал бўлса, аввало поликлиникага мурожаат қилади. Мана шу тизимга кўмаклашиш мақсадида институтимиз профессор-ўқитувчилари томонидан бепул онлайн-поликлиника ташкил этилди.

Даволаш жараёнида берилган тавсиялар ишлаб чиқишда ҳам профессор-ўқитувчилар фаол иштирок этишди. Ҳозирга қадар «онлайн –поликлиника»га фуқароларимиздан 6000 дан ортиқ мурожаатлар келиб тушди ва ўз вақтида керакли маслаҳатлар берилди.

Асосан иситма кўтарилиши, коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлган шахслар, артериал гипертония, сурункали юрак етишмовчилиги, қандли диабет, пешоб йўллари касалликлари билан оғриган беморлар, ҳомиладор аёллар, бир ёшга етмаган болаларнинг оналаридан мурожаатлар келиб тушмоқда.

Қўнғироқлар турли йўналишда бўлмоқда, ҳатто баъзида тез ёрдам хизматига тушолмаганлар ҳам ушбу марказга қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрайди.

Кези келганда институтимиз қошидаги клиника билан ҳамкорликда беморларни шифохонага олиб боришга ҳам тўғри келди.

Онлайн поликлиникага мурожаат килганларнинг саволлари ва ташхисига қараб фоизларда тақсимланиши қуйидагича:

•             COVID-19 бўйича саволлар – 12 фоиз

•             Иситма кўтарилиши – 20 фоиз

•             Йўтал – 3 фоиз

•             Артериал гипертония – 20 фоиз

•             Юрак ишемик касалликлари – 8 фоиз

•             Қандли диабет – 4 фоиз

•             Ошқозон ичак тизими касалликлари – 2 фоиз

•             Ҳомиладорлар – 2,8 фоиз

•             Неврологик касалликлар – 6 фоиз

•             Болалар касалликлари – 8 фоиз ва ҳ.к.

Мазкур поликлиникада тиббий хизмат кўрсатишда фақатгина умумий амалиёт шифокорлари эмас, балки кардиолог, невропотолог, эндокринолог, ЛОР, акушер-гинеколог каби малакали профессор-ўқитувчилардан иборат мутахассислар гуруҳи ҳам жалб қилинган.

Нафақат вилоятимиздан, балки қўшни Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятларидан ҳам мурожаатлар бўляпти. Айни вақтда «онлайн-поликлиника» хизматидан хорижда бўлиб турган ёрдамга муҳтож юртдошларимиз ҳам фойдаланмоқда. Айниқса хорижда оғир аҳволда қолган беморлар аҳволлари яхшилангунча консультантлар билан боғланиб туришди.

Аҳолининг кам таъминланган қатламига ҳудудий поликлиникалар орқали бепул дори воситалари етказилди. Айрим дорихоналар қийналган беморларга беғараз ёрдам кўрсатишди.

Шунингдек, фуқароларнинг ваҳимага тушиб қолиш ҳолатлари ҳам учрамоқда. Уларга психологик кўмак бериш мақсадида марказимизда психолог маслаҳати йўлга қўйилган.

– Провизор госпиталлар фаолияти ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз. Уларда беморларга қандай ёрдамлар кўрсатилади?

Бугунги кунда вилоятда яхши бир тажриба қўлланилмоқда. Айтиш лозим, «103», «1003», «1105» телефон рақами орқали иситмаси кўтарилганини маълум қилган беморлар ҳар қандай ҳолатда провизор госпиталга жойлаштириляпти. Мазкур госпитал Самарқанд шаҳридаги «Регистон» меҳмонхонасида ташкил қилинган бўлиб, вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан 11та мобил тез ёрдам бригадаси бириктирилди.

Ушбу госпиталнинг аҳамиятли томони шундаки, иситмаси бўлган бемор уч кунгача сақлаб турилади. Уларга биринчи ёрдам кўрсатилади, COVID-19'га таҳлил олинади. Уч маҳал овқат ва бирламчи дори-дармонлар билан таъминланади.

Беморнинг ҳолати ижобий томонга ўзгариб, касаллик аломатлари кузатилмаса, уйига жавоб берилади. Енгил ҳолатдагилар эса доимий назоратда бўлиши учун махсус ташкил қилинган шифохоналарга жойлаштирилиб, кузатувга олинади.

Касаллик белгилари аломатсиз кечаётган беморларга эса уйига жавоб бериляпти ва уларнинг изоляцияси таъминланмоқда. Шу билан биргаликда, оилавий ёки ҳудудий поликлиникаларга хабар берилиб, назоратга олиняпти. Фақат оғир ёки ўртача ҳолатдагилар юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилмоқда.

Айтиш мумкинки, бу каби провизор госпиталлар Самарқанднинг ўзига хос тажрибаси ҳисобланади. Ҳушёрликни янада ошириш ва бирламчи тасаввур бериш мақсадида СамДТИ томонидан махсус қўлланма ва буклетлар тайёрланиб, шифокорлар ва аҳолига тарқатилди.

– Самарқандда ҳам бошқа вилоятларда бўлгани каби COVID–19'га қарши курашишда аҳолига беғараз ёрдам кўрсатиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳлари ташкил қилиндими?

– Институтимизда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш мақсадида кўнгиллилар гуруҳи тузилди. Гуруҳга 200дан ортиқ ёшлар жалб қилинди.

Кўнгиллилар турли тиббиёт муассасаларида, карантин ҳудудларида, COVID-19'ни даволашга мўлжалланган шифохоналарда, 20 апрелдан бошлаб институтда ташкил этилган 1105 қисқа рақамли колл-марказда, Самарқанд шаҳридаги «Тез тиббий ёрдам» марказида ташкил этилган 1003 ва 103 қисқа рақамли колл-марказларда фаолият олиб бормоқда.

2020 йил 20 апрелдан ташкил этилган колл-марказга шу кунга қадар 5000 га яқин мурожаат келиб тушган бўлса, ҳозирда 1105 қисқа рақами ишга тушгандан кейин бир кунлик мурожаатлар сони 500га яқинни ташкил этмоқда. 1105 қисқа рақамига бўлган мурожаатларга институтнинг етакчи мутахассислари, психологлар ва кўнгиллилар гуруҳи томонидан кеча-ю кундуз жавоб берилмоқда.

Шунингдек, кўнгиллилар гуруҳи томонидан пандемия даврида аҳоли ўртасида тиббий маданиятни янада ошириш мақсадида турли хил видеороликлар, тақдимотлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойланиб келинмоқда.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид