Олий суднинг собиқ ходимига суиқасд бўйича икки гумондор қўлга олинди
Ўтган ҳафта Қибрай туманида саёҳат жомадонида жойланган эркак кишининг мурдаси топилган эди. Бош прокуратура мазкур жиноят иши юзасидан икки киши қўлга олинганини хабар қилди.
«Тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 97, 169, 227 ва 241-моддалари билан айб эълон қилиниб, уларга «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда», – дейилади маҳкама матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов берган ахборотда.
Маълумот учун, ЖКнинг 97-моддаси – қасддан одам ўлдириш; 169-модда – ўғрилик; 227-модда – ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкаларни, автомототранспорт воситаларининг ва улар тиркамаларининг (ярим тиркамаларининг) давлат рақам белгиларини эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш ёки уларни яшириш; 241-модда – жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яширишни назарда тутади.
Аввалроқ берилган хабарга кўра, Ш.А.нинг жасади 8 август куни кечга яқин Қибрай туманидаги ГЭС ҳудудидан, саёҳат чемоданига тиқиб қўйилган ҳолда топилган.
52 ёшда бўлган эркак муқаддам Ўзбекистон Республикаси Олий судида таъминотчи вазифасида ишлагани ҳақида маълумотлар бор. Шунингдек, у Самарқанд вилоятида туғилгани, пойтахтнинг Яккасарой туманида яшаб келгани маълум.
Мурдани кўздан кечириш давомида баданида тан жароҳати ва ундан қолган излар аниқланмаган, суд тиббий экспертиза бўлинмаси у бўйнидан тўмтоқ жисм билан бўғилиши оқибатида нафас етишмаслигидан вафот этган, деган бирламчи хулосани берган.
Шимининг чўнтагидан жами 410 000 сўм миқдорда нақд пул топилган.
10 августда берилган дастлабки ахборотда, Ш.А. 7 август куни эрталаб уйидан «Gentra» автомобилида Тошкент шаҳридаги Республика шошилинч тез тиббий клиник (собиқ 6-сонли) шифохонасига чиқиб кетгани, ушбу машина қидирилаётгани айтилган эди.
Мавзуга оид
21:47 / 15.11.2024
Қотил гиёҳванд бўлган: 3 ёшли болани ўлдирган эркак устидан суд бошланди
18:12 / 09.11.2024
Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти
19:18 / 02.11.2024
Арчазордан топилган одам боши – Қўштепадаги қотиллик тафсилоти
19:02 / 31.10.2024