Жаҳон | 13:32 / 12.08.2020
23323
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ССВ барча клиник синовлардан ўтмаган коронавирусга қарши вакцина сотиб олинмаслигини маълум қилди, Тўқаев эса Путинга табрик йўллади

Қозоғистон клиник синовларнинг барча босқичлари якунланмагунча COVID-19’га қарши вакцинани сотиб олмайди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Фото: nationalherald

«Бизнинг мутахассисларимизнинг таъкидлашича, энг яхши лабораториялар вакцина ишлаб чиқишнинг фақат учинчи босқичидадир. Ҳали тўртинчи босқич ҳам бор, аммо ҳозирча ҳеч ким ундан ўтмади. Фақат шу босқичдан кейин халқаро сертификат бериш амалга ошади, бу қайси мамлакат ва қайси лаборатория бўлиши эса номаълум. Ҳамма кутмоқда», - дея Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотини келтирган Tengrinews.

Шу билан бирга, мамлакат президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия президенти Владимир Путинга COVID-19 коронавирус инфекциясига қарши дунёдаги биринчи вакцина рўйхатдан ўтказилгани муносабати билан табрик йўллади.

«Ушбу ҳодиса Россия фанининг юксак салоҳияти ва нуфузини, шунингдек, ушбу глобал таҳдидга қарши курашда Россиянинг етакчи ролини тасдиқлайди. Сизга ушбу оғир даврда Қозоғистонни доимий равишда қўллаб-қувватлаётганингиз, шу қаторда мамлакатимиздаги санитария-эпидемиология ҳолатини яхшилашга салмоқли ҳисса қўшган инсонпарварлик ёрдами ва шифокорларни йўналтирганингиз учун миннатдорчилик билдирамиз», - деди Қозоғистон президенти.

Қосим-Жомарт Тўқаев Қозоғистон ва Россия ўртасида ушбу соҳадаги самарали ҳамкорликни юқори баҳолади.

«Август ойининг иккинчи ярмида ҳукумат делегацияси Россия вакцинасини сотиб олиш масаласини муҳокама қилиш учун Москвага боради», - деди давлат раҳбари. 

Кеча Путин Россиянинг COVID-19’га қарши вакцинаси рўйхатга олинганини эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, вакцина хавфсиз ва ҳатто қизларидан бири томонидан қабул қилинди.

Шу билан бирга, ғарб экспертлари Россия инсонларда кенг кўламли синовлар ўтказмасдан туриб коронавирусга қарши вакцинани рўйхатдан ўтказишга қарор қилганини қоралаб чиқди.
 
Лондон Университет коллежи қошидаги Генетика институти мутахассиси Франсуа Баллунинг фикрича, вакцинани шошилинч рўйхатдан ўтказиш «аҳмоқона қарор». 

Мавзуга оид