Бугун инсоният тилида энг кўп янграётган сўз – коронавирус. Суҳбатимизни мазкур касаллик моҳияти, қаердан келиб чиққани ва одамлар у ҳақида қандай тасаввурга эга бўлишлари зарурлиги масаласидан бошласак.

– Коронавируслар – вирусларнинг катта бир оиласи ҳисобланади. Улар ҳайвонларда ҳам, инсонларда ҳам мавжуд. Биз буни охирги 50-60 йилдан бери ўрганмоқдамиз. Биринчи марта коронавирус 1937 йилда товуқларни эмбрионида аниқланган. 60-йилларга келиб одамлар организмида пайдо бўлди. Вируснинг SARS’дан ташқари яна 4 тури бор. Инфекциялари енгил кечади. Фақат томоқ йўлларида учрайди, ўпкага тушмайди. Шунинг учун булар фан томонидан ҳам унча жиддий қабул қилинмаган эди. 2002 йилнинг мартига келиб, илк марта SARS-1 номли коронавирус аниқланди. Ўшанда катта муаммо пайдо бўлди. Бу вирус жуда тез тарқаладиган, ўлим кўрсаткичи 10 фоизни кўрсатди. Лекин у 2003 йил ёзга келиб йўқолди, яъни тарқалиши тўхтади. Ушбу вирус 24 ёки 25 мамлакатга тарқаганди.

2012 йилда MERS деган коронавирус чиқди. Бу ҳам тез тўхтаган эди. Аммо кейингиси хавфлироқ чиқди. Ўлимлар кўрсатгичи ҳам 34 фоизгача етди. Сўнгги коронавирус эса 2019 йили Хитойнинг Уҳан шаҳрида пайдо бўлган ва ҳозир ҳам бутун дунёни ларзага солаётган COVID-19'дир. Биз олимлар уни SARS-2 деб атаймиз. Бу вирус олдингиларига қараганда тезроқ тарқалади, лекин ўлим хавфи камроқ. Аммо демографик ва бошқа бир қатор омилларга кўра, ўлим фоизлари ҳам турлича.

Бу вируслар ҳужайраларни “ишғол” қилгачгина, инсонни енгади. Асосан оғиз ва бурун бўшлиғи, бронхларда, ўпка ҳужайраларида фаоллашади. Аниқланишича, бу вируснинг 80 фоизи кўршапалаклардан юққан. Илмий далилларга кўра, у 600-800 йилдан бери мавжуд. Коронавируснинг тарқалиш йўлига келсак, у дастлаб кўршапалаклардан ҳайвонларга ўтади. Кейин ҳайвонлардан одамларга ўтади. Битта ҳайвондан бошқасига ўтганда вирусни геномида жуда катта ўзгариш юз беради. Бунда бир ҳайвон вируси билан иккинчисиники аралашиб кетади. Худди шу вирус инсон организмига тушса, унда катта муаммо келтириб чиқаради. Сабаби инсон организмида бу вирусга нисбатан информация ва иммунитет йўқ. Шу сабаб катта пандемиялар келиб чиқди. 

Вируснинг бунчалик кенг тарқалишига яна қандай омилларни мисол келтириш мумкин?