Жамият | 13:29 / 14.08.2020
5023
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ўғирликда гумонланган шахслар ушланди

Ушбу шахслар Миробод тумани ИИО ФМБга  топширилди ва ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

2020 йилнинг 7 август куни Тошкент шаҳар Миробод тумани 1-сонли ИИБга хизматга жалб қилинган ИИББ ППХ бригадаси 2-батальон 3-отряд ходимлари, сафдор А.Жўраев ва сафдор Н.Туленовлар хизмат фаолиятлари давомида тунги соат 03:30ларда, давлат рақами бўлмаган оқ рангли “Спарк” русумли автоулов ҳайдовчиси ва унинг олдида бўлган икки нафар номаълум шахс шубҳа уйғотганликлари сабабли ушбу автоуловнинг ортидан кузатиб боришган.

Сўнг ушбу автоулов ҳайдовчиси ходимларни чалғитиш мақсадида Миробод туманида жойлашган “Фурқат” боғи қаршисида тўхтаб, мазкур автоуловда бўлган номаълум шахслар олди ўриндиқларни ётқизиб гўёки ўзларини ухлаб ётганидек тутган вақтларида, ходимлар автоуловни олдига бориб мазкур автоуловда бўлган шахслардан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни сўрашган.

Икки нафар номаълум шахс ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлигини маълум қилишиб, ходимларни чалғитишга уринганлар ва уларни шахсига аниқлик киритиш мақсадида Миробод туманидаги 141-сонли таянч пунктига олиб борилиб, шахсига аниқлик киритилган.

Улар Тошкент шаҳар Олмазор тумани истиқомат қилувчи, 1991 йилда туғилган А.Ҳ. ва Андижон вилояти Андижон шаҳарида истиқомат қилувчи, 2001 йилда туғилган А.Қ. эканликлари маълум бўлди.  

Олиб борилган профилактик суҳбат жараёнида “Спарк” автоулови кимга тегишли эканлиги сўралган вақтида улар ижарага олиб, давлат рақамларини ўзбошимчалик билан ечиб олиб юрганликлари, шунингдек, суҳбат жараёнида мазкур автоуловда бўлган қурилиш ишларида фойдаланиладиган перфоратор уларга тегишли эмаслиги маълум бўлди.

Мазкур буюмни қаердан олганликлари сўралган вақтида Сайхун кўчасида қаровсиз қолдирилган, 1991 йилда туғилган М.Э.га тегишли бўлган оқ рангли “Жентра” автоуловининг олд ойна қисмини синдириш йўли билан автомашина салонида бўлган 500 АҚШ доллари, 400.000 сўмлик браслет ва 200.000 сўмлик тилла узук ҳамда “Редми-А40” телефон аппаратлари яширин равишда қўлга киритганликлари маълум бўлди. 

Шунингдек, дастлабки ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ушбу шахслар Миробод тумани ИИО ФМБга  топширилди ва ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда

Мавзуга оид