Ўзбекистон | 15:26 / 16.08.2020
12013
2 дақиқада ўқилади

«Мерседес Бенц Вито»га ортилган телевизорлар манзилга етиб бормади

Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати сўнгги кунларда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бўйича маълумот берди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Фарғона вилояти божхона бошқармаси чегараолди ҳудудларда товарларнинг ноқонуний кириб келишига қарши тезкор тадбир ўтказди.

Тадбирда «Чимён-Марғилон» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро А.Ж. бошқарувидаги «Мерседес Бенц Вито» русумли автомашина Марғилон шаҳри ҳудудида тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 67 миллион сўмлик жами 61 дона телевизорлар борлиги аниқланди.

Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда, «Водил-Қўқон» йўналишида ҳаракатланаётган фуқаро А.К. бошқарувидаги «Мерседес Бенц Вито» русумли автомашина Фарғона тумани ҳудудида тўхтатилиб, автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина юкхонасида ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 44 миллион сўмлик 64 дона чойшаблар борлиги аниқланди.

Оҳангаронда 149,2 миллион сўмлик эҳтиёт қисмларнинг ноқонуний айланмаси фош бўлди

Тошкент вилояти божхона бошқармаси Оҳангарон тумани ҳудудида ўтказган тезкор тадбир давомида автомобиль эҳтиёт қисмларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.

Тадбир давомида, фуқаро К.С. бошқарувидаги «Нексия» русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилди.

Натижада, автомашинада тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 149,2 миллион сўмлик 4984 дона автомобиль эҳтиёт қисмлари ҳамда қўшимча жиҳозлар борлиги аниқланди.

Тўрақўрғонда 220 миллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмаси фош этилди 

Наманган вилояти божхона бошқармаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа орган вакиллари билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказди.

Тезкор тадбир давомида «Нанай-Наманган» йўналишида харакатланаётган фуқаро Б.О. бошқарувидаги «СNНТС» русумли юк автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида ўрнатилган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада ушбу автомашина юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ва тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 220 миллион сўмлик 2086 дона чойшаблар борлиги аниқланди.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан божхона суриштируви давом этмоқда.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид