Жамият | 14:20 / 16.08.2020
8548
4 дақиқада ўқилади

Олтинкўл ва Балиқчи туманларида эҳтиёжманд оилаларга пул маблағлари тарқатилди

Президент фармонига асосан, «Саховат ва кўмак» жамғармаси орқали республика бюджетидан ижтимоий ҳимояга муҳтож ва эҳтиёжманд оилаларга бир марталик моддий ёрдам пуллари ажратилди. Бу пуллар Андижон вилоятида қай тарзда тарқатилаётганини ўрганиш учун Олтинкўл ва Балиқчи туманларида бўлдик.

1-сектор ҳудудига борганимизда, туман ҳокими Назиржон Ўринбоев бошчилигида Уйғур маҳалласидаги эҳтиёжманд оилаларга ёрдам пуллари тарқатилаётган экан. Сектор раҳбари 52-мактабга тўпланган муҳтож оилалар вакиллари билан суҳбатлашиб, президент ташаббуси асосида кўрсатилаётган беғараз ёрдамнинг аҳамияти, ёрдам пулларининг берилиш тартиби ҳақида гапириб ўтди.

Шу куни ночор оилалар ҳолидан хабар олинди. Хусусан, 4 фарзандни вояга етказаётган Иномжон Ёқубов оиласига 1 миллион 320 минг сўм ёрдам пулидан ташқари ун, ёғ ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Шунингдек, яна қатор оилалар аъзолари сонидан келиб чиқиб моддий ёрдам ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланди.

Офтобачек маҳалласидаги эҳтиёжманд оилаларга бир марталик ёрдам пуллари сектор раҳбари ва банк ходимлари иштирокида тарқатилди, ногиронлар ва ночор оилалар ҳолидан хабар олинди.

– Офтобачек маҳалласида яшаймиз. Икки нафар фарзандим бор. Хўжайиним 2-гуруҳ ногирони. Ҳозир ҳукуматимиз томонидан 880 минг сўм ёрдам пули беришди. Миннатдормиз. Ҳамиша соғ бўлишсин, – дейди Шарифахон Йўлчибоева.

Сафаробод маҳалласига ҳам бордик. Бу пайтда ёрдам пулларини ўз эгаларига топшириш якунланаётган экан. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ўғилхон Жабборованинг шу жараён ҳақидаги фикрларига қулоқ тутдик.

– Бугун Сафаробод маҳалла фуқаролар йиғинида «темир дафтар»га киритилган жами 51 нафар оиланинг 179 нафар аъзосига 220 минг сўмдан маблағ тарқатилди. Бу 51 нафар оиланинг ичига кам таъминланган, якка-ёлғиз, боқувчисини йўқотган ҳамда ногиронлиги бор фуқаролар киритилган, – дейди маҳалла раиси

Олтинкўл тумани Маҳалла ва оила масалалари бўлими бошлиғи Холмирза Исомиддинов берган маълумотга кўра, «темир дафтар»га киритилган 1516 хонадонда яшовчи 5708 нафар фуқаронинг ҳар бирига 220 минг сўмдан бир марталик ёрдам пуллари берилиши кўзда тутилган эди. Лекин жараён давомида яна 839та эҳтиёжманд оила аниқланиб, улар ҳам «темир дафтар»га киритилди.

Шундай қилиб туман бўйича жами 9519 фуқарога қарийб 2 миллиард 100 миллион сўм миқдорида бир марталик ёрдам пуллари тарқатилмоқда.

Балиқчи туманида ҳам бу борадаги ишлар батартиб ташкил этилганига гувоҳ бўлдик. Тумандаги 2143 та оилада яшовчи 7564 нафар фуқарога 220 минг сўмдан моддий кўмак берилмоқда.

– Ишлаб чиқилган графикка асосан, 15 август санасига ушбу моддий ёрдамларни тўлиқ тарқатишимиз белгиланган. Шу кун ҳолатига туманда истиқомат қилаётган 1,5 мингта оилалардаги 5300 нафар фуқароларга моддий ёрдам маблағлари етказиб берилди.

Ушбу моддий ёрдам маблағларини етказиб бериш жараёни сектор раҳбарлари, депутатлар, маҳалла фаоллари ҳамда ички ишлар ходимларининг тўлиқ назоратида амалга оширилмоқда. Санитария қоидаларига риоя қилган ҳолатда конвертда ҳамда дезинфекция қилинган пуллар тақдим этилиши назоратга олинган, – дейди Балиқчи тумани ҳокимлиги иқтисодиёт ҳамда камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи Дилшодбек Ҳамдамов.

Мутасаддилар билан Маллачек маҳалласидаги ижтимоий муҳофазага муҳтож хонадонларда пул тарқатиш жараёнини кузатдик.

– Хўжайиним Тўйчиев Музаффаржон 2-гуруҳ ногирони. Оилада 5 кишимиз. Бугун 1 миллион 100 минг сўм ёрдам пули берилди, мингдан-минг раҳмат – дейди Маллачек маҳалласида яшовчи Ўктамхон Тўйчиева.

Шерзодбек Содиқов

Мавзуга оид