Жамият | 20:35 / 17.08.2020
73334
9 дақиқада ўқилади

«Эрим мени одам сифатида кўрмасди, болаларим олдида ҳам дўппосларди» – Оиласи пароканда бўлган аёл ҳикояси

«Ёшим 47 да. Турмушга чиққанимга ҳам, мана, 27 йил бўлибди. Бу ёшда қуда-андали бўлиб, неваралар қучоғида яйраб-яшнаб юриш ўрнига ижарада кун кечириб юрибман. Турмуш ўртоғим мени уйдан ҳайдаб юборганига 5 йил бўлди. Шундан бери қизим ва ўғлим билан ижарада яшаймиз. Вазият яхшиланиб кетар, деган умидда ҳалиям ажрашмадим. Қайнонам уйни ташлаб кетганим учун фақат мени айблайди. Эримнинг масъулиятсизлиги, оила боши сифатидаги ўрнини ҳис қилмаслиги сабабли муҳтожлик кўчасига кириб қолдик. Ишлашга мажбур бўлдим. Ўғлим ҳам пул топаман, деб Россияга кетди. Уч йилдан бери унинг дийдорига зорман. Оиламиз пароканда бўлиб кетганига ким айбдор?»

Фото: helpguide.org

Аёл ўн саккиз минг оламнинг энг буюк мўъжизаларидан бири. Аллоҳ уни ўзига хос ва мос қилиб яратган. Бир ҳилқатга нозиклик, нафосат, шарм-ҳаё, шу билан бир қаторда метин бардош, матонат, сабрни ҳам мужассам этган. Ҳа, аёл шундай яралган: унинг меҳрибон, раҳмдиллиги, кези келганда эса кучли иродаси билан эркакларни-да лол қолдириши бор ҳақиқат. Исми сир тутилишини истаган самарқандлик аёл бошидан кечирганлари ҳақида сўзлаб берди. Ажабмас, бир муштипарнинг кечинмалари сиз-у бизнинг юракларимизга етиб борса.

«Эрим икки фарзандимдан воз кечишга мажбур қилган»

1993 йилда турмуш қурдик. Аввалига ҳаммаси яхши эди. Шаҳарда ўз уйимиз бор эди. Аҳил-иноқ яшардик. Эримнинг топиш-тутиши ҳам яхши эди. Ташкилотда ҳисобчи бўлиб ишларди. Икки йилдан кейин ўғлим туғилди. Шундан кейин ўртада икки фарзандим нобуд бўлди. Тўғрироғи, бола тушиши хавфи бор, деб аборт қилдирганман. Эрим нима қиласан яна фарзандли бўлиб, деб ҳомиламдан воз кечишга мажбурлаган. Шифокор кўригига борганимда, бола тушиши хавфи борлигини айтишган. Ўша пайти аборт қилдираётганимни ҳам билмаганман. Агар боламни аборт қилишаётганини билганимда, бунга ҳеч қачон йўл қўймасдим. 2002 йилда қиз фарзандли бўлдим. Ҳомиладорлигимни эримдан яширдим, чунки бунисиниям олдиргизиб ташлашидан қўрқдим. Ҳомилам катта бўлишини кутдим, шундан кейингина эримга бу ҳақда айтдим. 

Эрим бирон масалада мен билан маслаҳатлашмасди, ўз билганича ҳал қиларди. Иккаламиз ўтириб яқиндан гаплашмасдик ҳам. Иши ҳақида сўрасам, ишинг бўлмасин, деб жеркиб берарди. Эр-хотин бўлсак ҳам иккита алоҳида қутбда яшардик гўё. У менга буюм сифатида қарарди.

«Қозонимиз ҳафталаб қайнамасди»

Вақт ўтган сари эримнинг ишлари юришмай қолди. Иш жойини тез-тез ўзгартирадиган бўлди. Сиқилганидан  кўп ичадиган бўлди. Ҳомилам нобуд бўлишига сабабчи бўлгани учун қилган иши Аллоҳга ёқмади, деб ўйлайман. Рўзғор билан иши бўлмай қолди. Муҳтожлик туфайли ишлашга мажбур бўлдим. Болаларим учун пул топиб келишим керак, деган фикрда эдим. Қозонимиз ҳафталаб қайнамасди. Эримнинг ўзи ҳам хижолат бўларди бўш қўл билан келганида. Ҳаммаси яхши бўлиб кетар, дея умид билан яшардим. Жуда оч қолиб кетган вақтимизда қўшнилардан егулик сўраб турган вақтларим ҳам бўлган.

Чол-кампир қўшниларимиз бўларди. Уларникига чиқиб турардим. Баъзида уй ишларигаям қарашиб турардим. Уларнинг қизи ота-онамга уй ишларида қарашадиган хизматчи керак. Ишлайсизми, деб сўраб қолди. Қийналиб турган вақтимда бу жуда яхши имконият эди мен учун. Шу тариқа уларнинг уйида ишлай бошладим. Бу орада чол-кампирнинг қизи ўзи ишлайдиган ташкилотга фаррош олишларини айтиб қолди. Унинг ёрдамида бу ишгаям жойлашдим. Иккала ишниям баравар олиб боришга ҳаракат қилдим. Якшанба кунлари яна бошқа одамларнинг уйига бориб турли юмушларни бажарардим. Қаерга ишлашга борсам, аввал эримдан рухсат сўраб, кейин борардим. Уйда қора қозонимиз қайнай бошлаганидан кейин эрим ўзгара бошлади. “Менсиз ҳам рўзғорни эплаяпти”, деган тушунча шаклланиб қолганди унда. Шунинг учун топганини кўчага, ичкиликка сарфларди.

«Эрим арзимаган сабаб билан жанжал кўтарадиган бўлди»

Эрим ҳисобчи бўлиб ишлаган вақтларида ойлик бериладиган куни ишчиларнинг пулларини уйга олиб келиб, эртаси куни тарқатиши керак эди. Ҳамма пулларни бир пакетга солиб, ишдан қайтишда дўкондан ароқ олиб, ўша ерда ичган. Дўконда барча пулларни ўғирлатиб қўйди. Пул топилмади. Қайнота-қайнонам, қариндошлар биргалашиб пулни тўлашди. Шу воқеадан кейин эримни ишдан бўшатишди. Ишсиз бўлиб қолганидан кейин ахволимиз янада оғирлашди. Муҳтожлик ўз домига тортиб кетди. Кунлардан бир куни эрим уйга яна маст ҳолатда келди. Ўғлим, қизим билан овқатланиб тургандик. Эримгаям овқат сузиб бердим. «Мен гўштсиз овқат емайман», деб овқат тўла косани юзимга отди.  

«Ўғлимнинг ўқишига шароит яратиб беролмадик. Пул топаман, деб Россияда ишлаб юрибди»

Эрим фарзандларигаям меҳрсиз эди. Мактабга боришга кийим керак, озроқ пул беринг, десам, пул топяпсан, шуни ишлат. Мендан пул сўрама, дерди. Болаларим дадасини яхши кўрарди. Лекин... Шу тариқа йилларни ўтказдик.  

Ўғлим коллеждаги дарсларидан кейин гилам фабрикасида ишлай бошлади. Уйимиз ва унинг ишхонаси орасидаги масофа жуда узоқ эди. Ўғлим коллежниям битирди. Университетга ўқишга топширди. Киролмади. Фақат ишлаш билан овора бўлгандан кейин ўқишга киролмаслиги табиий. Кириш имтиҳонларига тайёрланишига шароит яратиб беролмадик.

Эрим ичиб келган вақтларида мени уравергани ўз асоратини кўрсата бошлади, соғлиғим ёмонлашди. Бир ой тўшакка михланиб қолдим. Даволанишимгаям кўп харажат кетиб қолди. Эрим муолажа пулларини тўлаш у ёқда турсин, шифохонага бориб, ҳол-ахвол сўрашга ҳам ярамади. Ҳамма харажатларни ўғлим ишлаб тўлади, етмаганига қарз олдик. Қарзларни ҳам тўлаш, яшаш шароитимизни яхшилаб олиш учун ўғлим Россияга кетишга қарор қилди. Бошида у ерга жойлашиб олгач, пул жўнатиб турарди. Бироз вақт ўтгач, ишлари юришмай қолди. Ўғлимга уйга қайтишини айтдим. Энди қайтмоқчи бўлиб турганида карантин бўлиб қолди. У Россияга кетганига ҳам мана, уч йил бўлди.

«Шаҳарда уйим бўла туриб, 5 йилдан бери ижарада яшайман»

Эрим мени ҳеч қачон одам ўрнида кўрмаган. Ичиб келганда уриб, кўчага ҳайдаб соларди. Баҳона топилса, судраб уйдан чиқарворарди. Болаларимни тирик етим қилмаслик учун ҳаммасига чидардим. Одатда, қариндошларимникига борардим бунақа пайтда. Бир-икки кундан кейин ҳеч нарса бўлмагандек уйга қайтиб борардим. 2015 йил 20 март. Эрим яна ичиб келди. Дўппослаб, дарвозадан чиқариб юборди. Қизим иккимиз қаерга боришни билмасдик. Кечаси соат 12 да чиқиб кетдик. Юпун кийимда эдик. Совуқ. Ишхонага борсамммикин, деган хаёл ҳам ўтди миямдан. Кетяпман. Нима қилишни билмайман. Охири ўйлаб, бир қариндошимникига борадиган бўлдим. Ҳали у қариндошникида, ҳали бунисиникида 1-2 ҳафта яшаб юравердим. Сўнгра ижара уйда яшай бошладик. Ўғлимга уйдан чиқиб кетганимизни айтолмадим. Вақт ўтгандан кейин айтишга мажбур бўлдик. Ўғлим буни эшитиб, «Майли, сиқилманг. Яхши бўлибди. Бу ерда дадам аямни урмаяптимикин, яхшимикан, деб юрак ҳовучлаб юргандим», деб мени овутди.

«Эрим ҳалиям ўзгармади»

Эрим бизни ҳайдаворгач, уйга ўзига ўхшаган улфатлари кўп келадиган бўлди. Ичкиликни деб уйдаги бор нарсани сотибди. Эрим ўзини хароб қилганидан кейин қайнонам қишлоқдаги уйга олиб кетибди. Қайнонам ҳалигача мени айблайди: келиним уйни ташлаб кетмаганида оиласи пароканда бўлиб кетмасди. Оиламни биринчи ўринга қўймаганимда, эрим билан аллақачон ажрашиб кетган бўлардим. Шунча вақт ўтса-да, эрим заррача ўзгармади. Ҳаммаси яхши бўлиб кетар, деган умид бор менда ҳалиям. Шу пайтгача 5-6 та жойда ижарада яшадим. Ҳокимиятга уй сўраб мурожаат қилдим. Расман ажрашмаганим учун уй беришолмас экан. Ҳеч бўлмаса кредитга уй беришсаям майли эди. Ўғлимни уйлантиришим, қизим бу йил ўқишга кирса, унгаям харажат керак. Бу ёшда қуда-андали бўлиб, неваралар қучоғида яйраб-яшнаб юриш ўрнига ижарада кун кўриб юрибман. Кўрган кунларимни душманимгаям раво кўрмайман.

Муҳаббат Маъмирова суҳбатлашди.

Мавзуга оид