02:03 / 17.08.2020
9034

Европа лигаси. «Севилья» «МЮ» устидан иродали ғалабага эришиб, дастлабки финалчига айланди 

Фото: Reuters

«Севилья» ва «Манчестер Юнайтед» ўртасидаги ўйин билан Европа лигасида дастлабки финалчи аниқланди. 

Қизиқарли кечган баҳснинг 9-дақиқасида Рэшфордга нисбатан ишлатилган қўполлик учун белгиланган пенальтидан Бруно Фернандеш унумли фойдаланди – 0:1.

26-дақиқада эса Хулен Лопетеги мураббийлигидаги андалусияликлар қарши ҳужумда мувозанатни тиклашди. Регилоннинг чап қанотдан узатган тўпини Сусо Де Хеанинг яқин бурчагидан дарвозага жойлаб қўйди – 1:1.

Учрашувнинг иккинчи бўлимини Сульшер шогирдлари катта устунлик билан бошлаган бўлишса-да, «Юнайтед» ҳужумда қатор имкониятларни кўкка совурди.

Ўйин якуни сари захирадаги футболчилар эвазига кучайган испанларнинг қарши ҳужумлари хавфли кўриниш ола бошлади. 78-дақиқага келиб инглизлар жазоланишди. Захирадан майдонга тушган де Йонг ўз голи билан «Севилья»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди – 2:1.

Ўтказиб юборилган голдан кейингина захира ўриндиғидаги футболчилар хизматидан фойдаланишга мажбур бўлган Сульшер жамоасининг ўйинида ўзгариш қила олмади ва якунда «Севилья» финалга чиқди, «МЮ» эса аламли тарзда еврокубокларни тарк этди. 

16 август. Европа лигаси. Яримфинал

Севилья Испания – Манчестер Юнайтед Англия 2:1

Голлар: 0:1 – 9, пенальти Бруну Фернандеш, 1:1 – 26 Сусо, 2:1 – 78 де Йонг.
Севилья – Буну, Навас, Кунде, Регилон, Диего Карлос, Фернандо, Жордан, Сусо (Васкес, 75), Банега, Окампос (Мунир, 56), Эн-Несири (де Йонг, 56).
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уильямс (Фосу-Менса, 87), Магуайр, Линделеф, Уан-Биссака (Мата, 87), Погба, Фред, Бруну Фернандеш, Марсьяль, Гринвуд (Игало, 90), Рэшфорд (Жеймс, 87).
Огоҳлантириш: Уильямс (17), Диего Карлос (21), Рэшфорд (66), Мунир (86).

Top