Жаҳон | 00:22 / 19.08.2020
20417
6 дақиқада ўқилади

Дунёдаги вазият: Францияда иш жойида ниқобда бўлиш мажбурий, британияликлар тушкунликка тушмоқда

Франция ишда ниқоб тақиш шартлигини жорий қилмоқда, Жанубий Корея оммавий тадбирларга қайта чеклов қўйди, Австралияда круиз лайнери билан алоқадор можаро авж олди, лотин америкаликлар карантинга бўйсунишни истамаяпти.

Фото: Reuters

Гебрейсус: фақат биргаликда омон қоламиз
Бир қатор давлатлар Covid-19’га қарши вакцина яратиш йўлида ҳаракат қилаётган бир пайтда, ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейсус ташкилотга аъзо барча мамлакатлар ҳукуматларига келажакда кутилаётган препаратлар билан фақат ўзларининг аҳолисини эмас, балки муҳтожларни ҳам таъминлашга олдиндан чақирувчи хат йўллади. 

«Аслида чексиз бўлмаган захирани бўлишиш стратегик ва глобал нуқтайи назардан ҳар бир мамлакат манфаатларига мос келади. Ҳамма хавфсиз бўлмагунча ҳеч ким хавфсиз бўлолмайди», дейди Гебрейесус.

Унинг айтишича, агар юқори сифатли вакцина ихтиро қилинса, ЖССТ аввал уни яратишда иштирок этган мамлакатлар орасида, кейин эса эпидемиологик вазият энг оғир бўлган давлатлар орасида тарқатишни таклиф қилмоқда.

Бироқ ЖССТ раҳбари биринчи навбатда тиббиёт ходимлари ва 65 ёшдан ошган кишиларни коронавирус вакцинаси билан таъминлаш лозимлигини таъкидлаган.

«Агар биз вирус юқтириб олиш хавфи даражаси юқори бўлган гуруҳга кирувчи одамларни ҳамма жойда бир хилда ҳимоя қилмасак, соғлиқни сақлаш тизимини барқарорлаштира олмаймиз ва жаҳон иқтисодиётни тиклай олмаймиз. Барчамиз шундай узвий боғлиқмиз», деган Гебрейесус.

Францияда иш вақтида ниқоб кийиш мажбурий бўлади
1 сентябрдан бошлаб мамлакатда бир кишидан ортиқ ходим ишлайдиган барча ёпиқ биноларда ниқоб тақиш мажбурий бўлади. 

Ҳукумат ушбу қарорни касаба уюшмалари билан маслаҳатлашгандан сўнг қабул қилди, деб хабар берган меҳнат вазири Элизабет Борн. 

Жанубий Корея оммавий тадбирларни қайта чеклайди
Сеулда ва ундан унча узоқ бўлмаган йирик Инчхон портида 50 нафардан ортиқ одам иштирок этадиган ҳар қандай ёпиқ тадбирлар яна тақиқланади, бар ва караоке клублари ёпилади. 

Яқингача коронавирусни енгган деб эътироф этиб келинган мамлакатда янги касалланиш ҳолатлари кетма-кет бешинчи кунки уч хонали рақамлар билан ўлчаняпти. Сешанба куни 246 кишига вирус ташхиси қўйилди. Хусусан, диний йиғинлар инфекция тарқалган ҳудудларга айланди. 

Австралияда круиз кемасига доир можаро авж олди
Бортида Covid-19 билан касалланган беморлар бўлган «Ruby Princess» лайнерининг деярли 2650 нафар йўловчисига жорий йилнинг 19 март куни Сидней қирғоқларига тушишга ва коронавирусга текширилмасдан уйга кетишга рухсат берилганди.

Кейинчалик улардан мингга яқини касал бўлиб, 28 киши вафот этди.

Сенат текшируви шуни кўрсатдики, бу қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари ва атроф-муҳит вазирлиги, Янги Жанубий Уэльс штати соғлиқни сақлаш бошқармаси ва чегара хизмати амалдорларининг хатолари ва номувофиқ ҳаракатлари натижаси бўлиб чиқди. 

Британиядаги депрессия
Миллий статистика бюроси томонидан ўтказилган ва 500 минг киши қатнашган сўров натижаларига кўра, пандемия пайтида Британияда депрессия аломатлари кузатилаётган вояга етганлар сони икки бараварга ошган ва 20 фоизга яқинлашган. 

Одамлар уйқу ва иштаҳа ёмонлашиши, ҳаётга қизиқишнинг йўқолиши ва диққат сусайишидан шикоят қилишган. 

Сўровномада иштирок этганларнинг атиги 3,5 фоизи сўнгги ойларда кайфияти яхшиланганини айтган.

Пандемия, айниқса, 40 ёшдан кичик одамлар, аёллар, камбағаллар ва касалларни қайғуга солган. 

Ноттингем университети психиатрия профессори Чарли Бейкернинг сўзларига кўра, бу ҳолда гап тиббий ташхисдан кўра ташқи муҳитга табиий реакция ҳақида кетмоқда.

Лотин америкаликлар карантинга риоя қилишни исташмаяпти
Душанба куни Буэнос-Айрес ва Аргентинанинг бошқа шаҳарларида минглаб одамлар ижтимоий масофаланишга нисбатан ўз муносабатини ҳокимиятга намойиш қилиш учун юриш қилишди. 

Аргентина пойтахтида чекловлар 20 мартдан бошлаб амалда ва камида 30 августгача ўз кучида қолади. Аргентинада Covid-19 ҳолатлари сони 300 мингга яқин, уларнинг 90 фоизи пойтахт минтақасида учрайди. 

«Бугунги кунда маълум бўлган ягона дори - бу одамлар орасидаги кесишма ва алоқани иложи борича чеклаш», - деди президент Алберто Фернандес. 

Гарчи қўшни Бразилияда беморлар 12 баравар кўп ва 100 мингдан ортиқ одам вафот этган бўлса-да,  Фернандеснинг ҳамкасби Жаир Болсонару Covid’га «кичик гриппдек» қарашини очиқчасига рад этмаган. 

Бразилия вице-президенти Амилтон Моуран BBC'га берган интервьюсида ўз мамлакатида чеклов чораларини жорий этиш бефойда, деган фикрни билдирди, чунки бразилияликлар «дунёдаги энг интизомли одамлар эмас».

Бошқа мамлакатлардаги аҳвол

  • Франция футбол чемпионати стартидаги «Марсель» ва «Сент-Этьен» клублари ўртасидаги ўйин 21 августдан сентябрь ойи ўртасига қолдирилди, чунки марселликлар клубининг тўрт нафар ўйинчисига коронавирус ташхиси қўйилган; 
  • Испанияда Covid-19’нинг янги белгилари туризмни тиклашга халақит бермоқда. Душанба куни мамлакат бўйлаб 1833та янги ҳолат қайд этилди, бу бир ой аввалгига нисбатан уч бараварга кўп. 1 июль куни карантин бекор қилинганидан бери энг кўп ҳолатлар ўтган жума куни қайд этилди - 2987 киши; 
  • Греция ЕИ томонидан ажратилган квотага биноан декабрь ойида уч миллион дозада коронавирус вакцинасини қабул қилиб олади. Оксфорд университети ва AstraZeneca фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқилган вакцина синовлари ноябр ойида якунланиши керак; 
  • Финляндия бош вазири Санна Марин ўзини изоляциялади ва енгил респиратор аломатлари кузатилгани туфайли коронавирусга таҳлил топширди - сўнгги пайтларда тўртинчи марта.
Назокат Қаршиева
Тайёрлаган Назокат Қаршиева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид