Спорт | 22:22 / 21.08.2020
12155
2 дақиқада ўқилади

«Бавария» Чемпионлар лигаси тарихидаги рекорд гонорар олади

Мюнхеннинг «Бавария» клуби 2019/20 йиллардаги мавсумда Чемпионлар лигасидаги иштироки натижаларига кўра 120 млн евродан кўпроқ маблағ ишлаб топади. Таъкидланишича, бу Чемпионлар лигаси тарихидаги рекорд сумма ҳисобланади.

Фото: AFP

Аввал бу борадаги рекорд “Барселона”га тегишли бўлган. Клуб 2019 йилда Чемпионлар лигасидаги иштирокидан 117,73 млн евро ишлаб топган.

“Бавария” мусобақанинг гуруҳ босқичига чиққани учун 15,25 млн евро, гуруҳ босқичидаги 6 та ғалаба учун 16,2 млн евро, 1/8 финалга чиққанига 9,5 млн евро олган. Мюнхен клуби, шунингдек, ушбу қийматдан 10,5 млн еврони Чемпионлар лигаси чорак финалига, 12 млн еврони ярим финалига ва 15 млн еврони финалга чиққани учун олган. Агар Ханс-Дитер Флик клуби финалда ғалаба қозонса яна 4 млн евро ва УЕФА Суперкубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлгани киритгани учун яна 3,5 млн евро олади.

Шунингдек, немис клуби теленамойишлар ҳуқуқидан 11,5 млн евро ва охирги ўн йилликда Чемпионлар лигасидаги иштирок бўйича рейтингдаги 3-ўрин учун 33,24 млн евро олади.

Клуб финалда мағлубиятга учраса, қўлга киритадиган жами суммаси 123 млн еврони, ғалаба қозонгудек бўлса, 130 млн еврони ташкил қилади, деб хабар берди Kicker.de портали.

Чемпионлар лигасининг финал учрашуви 23 августда Лиссабонда бўлиб ўтади. Ҳал қилувчи ўйинда “Бавария” ва Франциянинг “Пари Сен-Жермен” клублари учрашади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид