Ўзбекистон | 19:19 / 21.08.2020
36014
3 дақиқада ўқилади

«Бошқа монопол ташкилотларга ҳам дарс бўлиши керак» — Акмал Бурҳонов UzAuto Motors билан боғлиқ вазият ҳақида

«Монопол ташкилот томонидан нархлар ошкор қилиб борилганда аҳвол бу даражага етиб келмаган бўларди», – дейди Коррупцияга қарши кураш агентлиги директори.

20 август куни Ўзбекистон Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунида Kun.uz мухбири Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳоновдан UzAuto Motors атрофидаги воқеаларга муносабатини сўради.

«Албатта, кузатиб боряпмиз. Энг қувонарлиси, бугунги кунда жамоатчилик овози нафақат парламент томонидан қўллаб-қувватланяпти, балки Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳам алоҳида суриштирув олиб боряпти.

Биринчи маротаба давлат ташкилоти шундай масалани кўтариб чиқиб, қабул қилинган айрим қарорлар нотўғри эканини кўрсатиб чиқди.

Умуман, бу каби ҳолатлар ривожланган давлатларда одатий ҳол. Яъни, бир-бирини тийиб туриш масаласи. Мен ҳозир қайсидир томонни айбдор деб айтолмайман. Чунки, бугун UzAuto Motors ҳам кеча қўмита томонидан келтирилган рақамлар асоссиз экани ва судга мурожаат қилиши мумкинлигини айтди.

Биз жараёнлардан шу нарсага амин бўлдикки, ҳар қандай давлат идорасининг фаолияти очиқ ва шаффоф юритилмас экан, бундай саволлар кўпаяверади, муҳокамалар чиқиб келаверади.

Ўйлайманки, бу бошқа идоралар, айниқса монопол ташкилотлар учун ҳам дарс бўлиши керак. Монопол ташкилот томонидан нархлар ошкор қилиб борилганда аҳвол бу даражага етиб келмаган бўларди», – деди Бурҳонов.

Унинг сўзларига кўра, агар суд Монополияга қарши курашиш қўмитаси қарорини асосли деб топса, бу кейинги жараёнлар бошланишига асос бўлади ва Коррупцияга қарши агентлик ҳам ўз ваколати доирасида суриштирувлар олиб боради.

«Керак бўлса, агентлигимиз ҳам ишни охирига етказиш бўйича ва ҳолатнинг келиб чиқиш сабаблари бўйича ўрганишлар ўтказади», – деди Акмал Бурҳонов 20 августдаги интервьюда.

Эслатиб ўтамиз, 21 август куни Олий Мажлиснинг бир гуруҳ депутатлари UzAuto Motors'нинг нархларни оширишида коррупция аломатлари кўзга ташланаётганини айтиб, Акмал Бурҳонов ва бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевга депутатлик сўрови киритгани маълум бўлди.

Мавзуга оид