Жаҳон | 22:40 / 21.08.2020
3934
2 дақиқада ўқилади

Британиянинг давлат қарзи биринчи марта 2 трлн фунт стерлингдан ошди 

Британиянинг давлат қарзи пандемия вақтида иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга сарфланган катта маблағлар туфайли йил давомида 227,6 млрд фунт стерлингга кўпайиб, июль охирида 2,004 трлн фунт стерлингни ташкил қилди. Бу Британиянинг давлат қарзи тарихда биринчи марта 2 трлн фунт стерлингдан (2,6 трлн доллар) ошишидир. 

Британия миллий статистика хизматининг (ONS) маълум қилишича, қиролликнинг давлат қарзи июль охирида ялпи ички маҳсулотидан кўпроқни - 100,5 фоизни ташкил қилган. Бу эса бир йил аввалгига нисбатан 20,4 фоиз кўпроқ бўлган. Британия давлат қарзи охирги марта 1961 йилда ялпи ички маҳсулотидан кўпроқни ташкил қилган.
 
Британия ҳукумати пандемия вақтида иш берувчилар ва солиқ тўловчиларга ёрдам дастурларини молиялаштириш учун катта маблағлар ажратган. Британия молия вазири Риши Сунак ушбу маълумотларга изоҳ бераркан, коронавирус инқирози давлат бюджетига оғир юк бўлиб тушганини, бироқ ҳукуматнинг бундай катта миқдордаги сарф-харажатларсиз вазият янада ёмонроқ бўлиши мумкинлигини айтган.  

Мавзуга оид