Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг тахминий муддати маълум бўлди
Аҳолини рўйхатга олишнинг ташкилий ва услубий тамойилларини, дастурий-техник таъминоти ва маълумотларни қайта ишлашнинг технологик жараёнларини синовдан ўтказиш режалаштирилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Белгиланишича:
Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш муддати 2022 йил 1-25 ноябрь кунлари;
Ўзбекистон Республикасида аҳолини синов тариқасида рўйхатга олишни ўтказиш муддати 2021 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилади. Синов тариқасида аҳолини рўйхатга олиш тадбири Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ тумани ҳамда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида амалга оширилади.
Синов тариқасида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбири натижаларига асосан зарур ҳолларда аҳолини рўйхатга олишга оид меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилади.
Масъул вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга ошириш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича ҳудудий комиссиялар:
2021 йилда (синов тариқасида) ва 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ чора-тадбирларни белгиланган муддатларда ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди;
республикамизнинг бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудларида аҳолини рўйхатга олиш ишларини белгиланган муддатдан олдинроқ ўтказиш бўйича республика комиссиясига 2022 йил 1 мартга қадар таклифлар киритади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳар ҳокимликлари:
2021 йилда (синов тариқасида) ва 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини;
аҳолини рўйхатга олиш жараёнларига жалб этиладиган рўйхатга олувчи ходимларни танлаб олиш, таркибини тасдиқлаш ҳамда ўқитишни;
аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга жалб этилган шахсларнинг ўқиши ва ишлаши, шунингдек рўйхатга олиш варақларини сақлаш учун яроқли бўлган мебеллар ва алоқа воситалари билан жиҳозланган вақтинчалик биноларни бепул ажратилишини;
аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнларида зарур бўладиган транспорт ва алоқа воситалари ажратилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идораларда мавжуд аҳоли билан боғлиқ бўлган маълумотлар базаларидан зарур ҳолларда аҳолини рўйхатга олиш ва натижаларини таҳлил қилишда фойдаланиш мақсадида маълумотлар алмашинувини қонунчиликда белгиланган тартибда йўлга қўйиш чораларини кўради.
Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2021 йилда (синов тариқасида) ва 2022 йилда ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш учун зарур бўлган миқдорда картографик материаллар (шаҳар ва қишлоқ аҳоли пунктларининг схематик режалари ва хариталари) билан таъминлайди.
Мавзуга оид
11:38 / 25.10.2024
Вилоятлар орасида энг зич аҳоли Андижонда яшаши маълум қилинди
10:59 / 25.10.2024
Самарқанд вилояти аҳолиси 4,3 млн кишига яқинлашди
08:10 / 23.10.2024
БМТ: Уруш бошлангандан бери Украина аҳолиси 8 млнга камайди
16:19 / 09.10.2024