Ливияда 2011 йилда полковник Қаззофий режими ағдарилгач бошланган фуқаролар уруши давом этмоқда / REUTERS

2011 йилдан буён Ливияда кучли марказлашган ҳокимият ўрнатилмади. Мамлакат амалда иккига бўлинган - ғарбда БМТ томонидан тан олинган Фоиз Сарож ҳукумати, шарқда Ливия миллий армияси генерали Халифа Ҳафтар ҳукмронлик қилади. Ливияда жанглар ҳатто пандемия вақтида ҳам давом этди.

Сарож ва Ҳафтарнинг бу сафар биргаликда ташаббус кўрсатиши полковник Қаззофий ўлимидан кейин бошланган фуқаролик уруши якунланишига умид беради. Ўтган йиллар мобайнида юз минглаб ливияликлар жабрланди, уйсиз қолди, кўплар уйларини тарк этди ва Европага етиб олишга ҳаракат қилувчи қочқинлар сафини тўлдиришди.

БМТ душман томонларнинг инқироздан тинч йўл билан чиқишга уринишини олқишлади. Аммо, таҳлилчиларнинг фикрича, бундан аввалги узоқ муддатли сулҳ тузишга уринишларнинг барчаси муваффақиятсиз якунланган, мамлакатдаги сиёсий етакчиларда икки коалиция таркибида жанг қилувчи эса кўп сонли қуролли гуруҳларга босим ўтказиш учун ишончли ричаглар мавжуд эмас.

Бу вақтда Ливия масаласида НАТО сафида ҳам бўлиниш бор.

Июль ойида Франция Туркияни Ливияга қурол сотиш бўйича тақиқни бузишда айблаб, Ўрта ер денгизидаги «Денгиз қўриқчиси» (Sea Guardian) ҳарбий-денгиз амалиётидаги иштирокини тўхтатганди.

Аввалроқ Франция турк ҳарбий кемаси француз кемасини нишонга олганидан ғазабдалигини билдирганди, расмий Анқара буни қатъиян рад этган.

Зиддият иштирокчилари нима демоқда?
Ливия миллий келишув ҳукумати раҳбари Фоиз Сарож фейсбукдаги расмий саҳифасида «барча қуролли кучларга ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва Ливиянинг барча ҳудудларида ҳарбий ҳаракатларни тугатиш» ҳақида буйруқ берганини маълум қилган.

Мухолифат кучлар қўмондони генерал Халифа Ҳафтар томонидан расмий муносабат билдирилмади, аммо унинг коалициядаги иттифоқчиси, Тобрукдаги парламент спикери Агила Солиҳ ҳам тинчлик сулҳи бошланганини маълум қилган. Лекин у бундай қарорнинг асосий сабаби сифатида коронавирус эпидемиясини келтирган.

Ушбу ташаббус БМТ ва ушбу низода Халифа Ҳафтар томонида турган Миср томонидан қўллаб-қувватланган.

Ливиядаги кучлар мувозанати