Жаҳон | 22:24 / 23.08.2020
9187
2 дақиқада ўқилади

Ер сайёраси 26 йил ичида 28 триллион тонна муздан маҳрум бўлгани маълум қилинди 

Сайёрамизда 1994 йилдан бери глобал исиш сабабли 28 трлн тонна муз эриб кетган. Бундай фикрга британиялик олимлар келди. Олимлар бу мақсадда Ер қутблари, тоғлар ва музликларнинг сунъий йўлдошлардан олинган суратларини таҳлил қилиб чиқишган.

Лидс ва Эдинбург университетлари ҳамда Лондон университет коллежи олимлари музликларнинг бундай тез суръатларда эришини ҳисобга олиб, жорий асрнинг охирига келиб денгиз сатҳи 1 метрга кўтарилишини прогноз қилишмоқда.
        
Лидс университети олими Энди Шепарднинг таъкидлашича, денгиз сатҳининг 1 смга кўтарилиши пастқам ерларда яшайдиган 1 млн кишининг ўз уйларини тарк этишини англатади. Шу билан бирга, олимларнинг таъкидлашича, музликлар эриши сайёранинг қуёш радиациясини қайтариш қобилиятини камайтиради. Муз ва қордан маҳрум бўлган океанлар ва қуруқликнинг қора сирти борган сари кўпроқ иссиқни ютади ва сайёранинг қизишини кучайтиради.  

Маълумотларга кўра, 2019 йилнинг ўзида Гренландия умумий ҳисобда 586 млрд тонна, яъни ҳар дақиқада 1 млн тонна муздан маҳрум бўлган. Германиянинг қутб ва денгиз тадқиқотлари институти геофизиги Инго Сасгеннинг таъкидлашича, муаммо нафақат Гренландия музлари эришида, балки у борган сари тобора тезроқ эриётганидадир. 2019 йилнинг ўзида Гренландия музликларининг эриши дунё океанининг 1,5 ммга кўтарилишига олиб келган.

Мавзуга оид