Ўзбекистон | 09:49 / 25.08.2020
12874
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева: «Тор доирадаги шахсларнинг манфаати халқ манфаатидан устун бўлиши керак эмас»

Фото: Сенат

Жорий йилнинг 22 август куни Сенат раиси, Халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш бўйича республика кенгаши раиси Танзила Норбоеванинг молия вазири Тимур Ишметов билан онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, муҳокамани ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – Молия вазирлиги масъул бўлган халқаро рейтинг ва индекслар бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чоралар муҳокамаси.

Мулоқот давомида Мерос жамғармаси томонидан юритиладиган Иқтисодий эркинлик индексининг “Давлат харажатлари” индикатори бўйича мамлакатимиздаги ҳолат, хусусан ҳозирги ислоҳотлар даврида кўплаб харажатлар давлат елкасига – бюджетга тушаётганлиги, айниқса, пандемия сабабли харажатлар миқдори ҳам ортганлиги қайд этилди.

Бу борада биринчи ярим йил якунлари бўйича давлат харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25 фоизни ташкил қилган бўлса, давлат ташқи қарзи йил бошига нисбатан 11 фоизга ортиб, 17,3 млрд. АҚШ долларига етганлиги айтиб ўтилди.

Мулоқот жараёнида давлат ташқи қарзларини жалб қилишнинг ягона меъёрини белгилаш, ушбу йўналишни тартибга солувчи қонун ҳужжати лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурияти мавжудлиги таъкидланди.

Шунингдек, солиқ тўлашда айрим корхоналарга ёки йирик тадбиркорларга кўплаб истиснолар, қўшимча қоидалар, имтиёзлар ва преференциялар берилаётганлиги бозор эркинлигига, рақобат муҳитига, солиқ тизимининг шаффофлигига салбий таъсир қилаётганлиги танқид қилинди. Бундай имтиёзлар кўзда тутилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини экспертизадан ўтказиш механизмини кучайтириш зарурлиги қайд этилди.

Бу борада фикр юритар экан, Сенат раиси Танзила Норбоева қандайдир тор доирадаги шахсларнинг манфаати халқ манфаатидан устун бўлиши керак эмаслигини алоҳида таъкидлади.

Иқтисодий эркинлик индекси бўйича мамлакат жами 186 та мамлакат орасида 114-ўринни, Осиё-Тинч океани минтақасида 42 та мамлакат ичида 26-ўринни эгалламоқда.

Айрим индикаторлар бўйича республика кўрсаткичи анча юқори. Хусусан, “фискал саломатлик” индикатори бўйича 100 баллдан 98,9 балл, “солиқ юки” индикатори бўйича эса 91,6 баллни қўлга киритган, дейилади Сенат хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид