Ўзбекистон | 11:38 / 26.08.2020
33131
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқ довонидаги бахтсиз ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаро ҳалок бўлди

Ёнғин келиб чиқиб, автомашина ичидаги ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. 

Фото: ФВВ

Жорий йилнинг 25 август куни соат 16:24ларда А-373 «Тошкент – Ўш» автомобиль йўлининг 222,3-кмда йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, «Водий – Тошкент» йўналишида ҳаракатланган «Исузу» русумли юк автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб йўл ўртасидаги темир тўсиққа бориб урилган. 

Бунинг оқибатида ёнғин келиб чиқиб, автомашина ичидаги ҳайдовчи ва бир нафар йўловчи воқеа жойида вафот этган. 

Ушбу ҳолатга аниқлик киритилганда, юк машинанинг юкхонасида 8 тонна қурилиш хомашёси, яъни бетонга қўшиладиган кимёвий эритма борлиги маълум бўлган.

Юзага келган вазият юзасидан «Қамчиқ» Махсус-қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармаси бошлиғи полковник Х.Бобонов бошчилигидаги шахсий таркиб ҳамда махсус техникалар зудлик билан воқеа жойига етиб борди. 

Ёнғин-қутқарувчиларининг олиб борган тезкор саъй-ҳаракатлари натижасида ёнғин қисқа вақт ичида бартараф этилди, дейилади хабарда.

Мавзуга оид