Жаҳон | 00:46 / 26.08.2020
6495
2 дақиқада ўқилади

Европа иттифоқи давлатлари АҚШнинг Эронга қарши санкциялар киритиш режасини қўллаб-қувватламади 

БМТ Хавфсизлик кенгашига кирувчи аксарият давлатлар АҚШнинг Эронга қарши санкцияларни тиклаш бўйича режаларини рад этди. Таъкидланишича, АҚШнинг ушбу ташаббусини Россия, Хитой, ЖАРдан ташқари, Германия, Франция ва Британия ҳам очиқча қўллаб-қувватламаган.

Фото: AFP

“Бугунги мунозара Хавфсизлик кенгашининг аксарият аъзолари қандай позицияни қўллаб-қувватлашини яққол кўрсатди. Уларнинг барчаси Эрон ядро дастури бўйича ҳаракатлар режаси сақланиб қолиши зарурлигини тасдиқлашди. Режанинг сақланиб қолиши авваламбор халқаро ҳамжамият, жумладан АҚШнинг ўзи учун муҳим”, деб изоҳ берган вазиятга Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя. 

У АҚШ охир-оқибат буни тушуниб етишига умид билдирган. “Улар [АҚШ маъмурияти] шунда нафақат ноқонуний бўлган, балки АҚШ кутган натижага олиб келмайдиган йўлдан бормайдилар”, деб хулоса қилган Россия вакили.

Небензянинг таъкидлашича, АҚШ ўзини Эронга қарши санкцияларни тиклаш жараёнини бошлаш ҳуқуқига эга бўлган давлат, деб ҳисоблайди.  

Ўз навбатида, Франция ва Германия вакиллари ҳам АҚШнинг Эронга қарши амалга ошираётган ҳаракатлари ноқонуний эканини айтишган.

Ўтган ҳафта АҚШнинг Эрон бўйича махсус вакили Брайан Хук БМТнинг Эронга қарши санкциялари тикланиши Эронга катта босим кўрсатиши ва уни музокаралар столига қайтаришга мажбур қилишини айтган.

Июль охирида АҚШ давлат котиби Майк Помпео Эроннинг ядро, ракета ва ҳарбий дастурларига қарши санкциялар кенгайтирилишини эълон қилган. Вашингтон йирик давлатларни Эронга қурол етказилишига тақиқни узайтиришга чақирган. Бироқ бу ҳолатда ҳам БМТ Хавфсизлик кенгаши АҚШнинг ушбу режасини қўллаб-қувватламаганди.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид