Жаҳон | 21:11 / 27.08.2020
4617
1 дақиқада ўқилади

Малидаги ҳарбий исёнчилар ҳокимиятдан четлатилган президент Кейтани озодликка чиқарди

18 август куни Малида исёнчилар мамлакат президенти Иброҳим Кейта ва бош вазир Бубу Сиссени ҳибсга олганди.

Иброҳим Бубакар Кейта / Фото: Reuters

Ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятдан четлатилган Мали президенти Иброҳим Бубакар Кейта озод қилинди. Бу ҳақда ҳарбийлар вакилига таяниб Le Figaro газетаси хабар берди.

"У бугун эрталаб озод қилинди ва уйига қайтди", - деб маълум қилган ҳарбийлар вакили Жибрии Майги. 

18 август куни Мали пойтахти Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базасида ҳарбий исён бошланди. Исёнга Катидаги ҳарбий база қўмондони ўринбосари, полковник Малик Дьяу ва генерал Садио Камара бошчилик қилди. Исёнчилар мамлакат президенти Кейта ва бош вазир Бубу Сиссени ҳибсга олди. Кейта истеъфога чиққанини эълон қилди.

2013 йилда Иброҳим Бубакар Кейта Мали президенти этиб сайланган. У бунгача Мали миллий йиғини спикери (2002-2007), мамлакат бош вазири (1994-2000) бўлган. Бош вазир Бубу Сиссе эса ҳукуматни 2019 йил апрелдан бошқариб келган.

Мавзуга оид