Ўтган ҳафта охирида Малининг бир қанча шаҳарлари, жумладан, пойтахт Бамакода портлашлар ва отишмалар бошланди. Мамлакатдаги қуролланган гуруҳлар бутун мамлакат бўйлаб мувофиқлаштирилган ҳужумларни амалга оширишга киришди.

Шанба куни мамлакат армиясининг Бамакодан 15 км масофадаги Кати шаҳарчасида жойлашган энг йирик базасига ҳам ҳужум қилинган. Бу ҳужум оқибатида мамлакат мудофаа вазири, генерал-лейтенант Садио Камара ҳам ҳалок бўлган. Дастлаб хориждаги нашрларда тарқалган бу хабар якшанба куни Мали ҳарбий ҳукумати томонидан тасдиқланди.

«Портловчи моддалар юкланган ва худкуш бошқарувида бўлган автомобил вазир қароргоҳига бостириб борди, бу ерда у ҳужум қилганлар билан отишмага киришган ва улардан бир нечасини йўқ қилди […] Жанг вақтида у яраланди ва ҳоспиталга олиб борилди, афсуски олинган тан жароҳатлари оқибатида вафот этди», – дея эълон қилди телевидение орқали хунта аъзоси, марказсизлаштириш вазири, бригада генерали Исо Усмон Кулибали.

Ҳарбий ҳукумат маълумотига кўра, генерал Камара билан биргаликда унинг рафиқаси ва икки набираси ҳам ҳалок бўлган, бундан ташқари, портлаш оқибатида унинг уйи ёнидаги масжид қулаши оқибатида бир неча киши харобалар остида қолиб кетган.

Пойтахт Бамако яқинидаги Кати ҳарбий базаси яқинида позицияни эгаллаб турган малилик аскар.

Туарегларнинг Азавад озодлиги фронти (FLA) ташкилоти ҳамда «Ал-Қоида»га алоқдор ҳисобланган «Жамоат-нусрат ал-Ислом вал-муслимин» («Ислом ва мусулмонларни қўллаб-қувватлаш иттифоқи», JNIM) гуруҳи шанба куни тонгда Катидан ташқари Бамако ва унинг атрофидаги ҳарбий базалар ва бошқа объектларга, шунингдек, мамлакат шимолидаги Кидал, Гао ва Севарэ каби шаҳарларга ҳам бир вақтда ҳужум уюштирган.

Якшанба куни кечқурун AFP агентлиги хунта раҳбари, генерал Ассими Гойта шанба куни тонгдан буён жамоатчиликка кўриниш бермагани ва ҳеч қандай баёнот чиқармаганига эътибор қаратди. Агентликнинг Мали кучишлатар тузилмаларидаги манбаси у шанба куни Катидан эвакуация қилингани ва махсус топшириқли бўлинманинг Бамако атрофидаги базасида хавфсизликда экани ҳақида хабар берган.

Бундан ташқари, AFP маълумотига кўра, Катида шанба куни бўлиб ўтган жангларда Мали разведка хизмати раҳбари, генерал Модибо Коне ва бош штаб бошлиғи, генерал Умар Диарра ҳам яралангани ҳақида хабар тарқатган.