Жаҳон | 17:38
1819
2 дақиқада ўқилади

Малида исёнчилар Россия вертолётини уриб туширди

Экипаж аъзолари ҳалок бўлган.

Фото: Видеодан кадр

Малида қуролланган исёнчилар Россия мудофаа вазирлигининг «Африка корпуси»га тегишли вертолётни уриб туширган. Бу ҳақда дастлаб 26 апрел куни Fighterbomber канали хабар хабар берди, кейинроқ бу маълумотни бошқа ҳарбийлашган пабликлар ҳам тарқатди.

Хабарда вертолётга зенит-ракета комплекси орқали зарба берилгани қайд этилган.

«Экипаж ва бортда бўлган мобил ўт очиш гуруҳи ҳалок бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисага ташқаридан зарба берилиши сабаб бўлган», – дейилади Fighterbomber хабарида.

Вертолёт тури ва қурбонлар сони аниқлаштирилмоқда. РФ мудофаа вазирлиги ва Россия ташқи ишлар вазирлиги вертолёт ҳалокати юзасидан муносабат билдирмади.

Малида 2021 йилги давлат тўнтариши орқали ҳокимиятга келган ҳарбийлар бир неча йилдан буён мамлакат шимолида ўз мустақил давлатини тузишни мақсад қилган исёнчи туареглар билан қуролли кураш олиб боради.

РФ мудофаа вазирлигининг «Африка корпуси» 2024 йилда Малига юборилган, ушбу тузилма у ерда «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси ўрнини эгаллаган. Россияликлар ҳарбий хунта томонида туриб жанг қилади.

25 апрел куни туареглар ва «Ал-Қоида» таъсиридаги бошқа гуруҳлар мамлакатнинг бир неча шаҳригадаги позицияларга, жумладан, пойтахт Бамакога мувофиқлаштирилган ҳужумлар сериясини амалга оширган. Расмий ҳукумат ҳужум қайтарилгани ва «юзлаб» жангарилар ўлдирилгани тўғрисида хабар берган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид