Light | 15:33 / 30.08.2020
35163
4 дақиқада ўқилади

Ақл бошда ҳам, ёшда ҳам эмас: Даннинг-Крюгер эффекти нима?

«Ҳеч нарса билмаслигимни биламан», деган эди юнон донишманди Суқрот. Хитой файласуфи Лао-Цзи эса: «Билган одам гапирмайди, гапираётган одам билмайди», дея таъкидлаган.

Фото: Shutterstock

Одатда тажрибасиз одамлар ўз қобилиятларига ортиқча баҳо бериб юборишади. Тажрибали шахсларга эса ўз имкониятларига аслидагидан пастроқ баҳо бериш хосдир. Психологияда бу ҳолат Даннинг-Крюгер эффекти деб номланади.

Мазкур ҳолат 1999 йилда америкалик психологлар Жастин Крюгер ва Девид Даннинглар томонидан илмий асосланган. Даннинг-Крюгер эффектига кўра, тажрибаси паст инсонлар хато хулосалар чиқаришади ҳамда муваффақиятсиз қарор қабул қилишади. Улар муваффақиятсизликлари нотўғри қарорлар ва тажрибасизлик натижаси эканини англай олишмайди ва ўзларининг камгина қобилиятларига ишонишади.

Чиндан юқори тажрибага эга инсонлар эса ўзидаги қобилиятларга адекват баҳо бериш билан бирга, ўз маҳоратига бироз шубҳа билан қарашга мойил бўлади. Улар ўзлари бажара оладиган иш-фаолиятни бошқалар ҳам қунт билан ўрганса, осон қила олади, деб ўйлашади.

Тажрибасизлик ва бир вақтнинг ўзида ақлсизлик у ёки бу соҳанинг асосларини билмасликдан келиб чиқади. Оддий мисол. Стол теннисида ўйнаш учун шарикни уриш кераклигини биламиз. Лекин уни қай тарзда, қандай позицияда, қачон, қандай зарб билан уриш асосларидан бехабарлигимиз – тажрибасизлигимиз бу ўйинда панд беради. Шунга қарамай, теннис соҳасида тажрибасиз одамлар ҳали бирор марта ўйнаб кўрмай туриб, теннис жуда осон ўйин деб ўйлайди, яхшилаб шуғулланса, бемалол эплашига, ҳатто ғолиб чиқишига ҳаддан ташқари ишонади.

Илм, фан, таълим, маданият, техника, коммуникация каби бошқа соҳаларда ҳам тажрибасизлик, керакли билим-кўникмага эга бўлмаслик шу йўналишда билдирадиган кичик фикримиздан то муайян фаолиятимизгача омадсизлик олиб келади.

Даннинг-Крюгер эффектига кўра, инсонлар ўзи тажрибасиз бўлган соҳада қуйидагиларга мойил бўлиши исботланган:

1) ўз қобилиятларини юқори баҳолашади;

2) бошқаларнинг юқори даражадаги қобилиятини тўғри чамалай олишмайди;

3) ўзларининг тажрибасиз ва билимсиз эканлигини англаб етишмайди;

4) бирор профессионал ўқув ёки тренингдан ўтгач, ўқиб-ўргангач, аввалги тажрибасизлигини тушунишади.

Яъни одамлар тажрибасизлик сабаблигина билмаган ишига қўл уриб ёки тушунмаган соҳасида фикр билдириб, аҳмоқона вазиятга тушишади.

Бундай вазиятга тушмаслик учун эса қуйидагилар тавсия этилади:

Кўпроқ ўқиб-ўрганинг ва машқ қилинг. Бу ўзингиз танлаган, фикр ёки фаолият юритаётган соҳангизда тажрибали инсон (профессионал эксперт) бўлишга катта ёрдам беради.

Ўз қобилиятларингизга тез-тез шубҳа билан қараб туринг. Бу ўзингизга ортиқча баҳо бериб, оқибатда аҳмоқона вазиятларга тушишнинг олдини олишга кўмаклашади.

Шахсий тажрибангизни мантиқан тўғри баҳолашга ёрдам берадиган мезонларни топинг, улар асосида билим-кўникмаларингизни баҳоланг. Бу сизга керакли соҳадаги даражангизни аниқ белгилаб, шунга яраша қадрингизни оширишга туртки беради.

Якуний хулоса сифатида айтиш мумкинки, «Билмаганни сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим». Ҳеч қачон ўзингизни билмаган нарсани биладиган қилиб кўрсатманг, билмаганингизни, албатта, сўранг ва ўқиб ўрганинг.

Акобир Абдуллаев, психолог-тренер

Мавзуга оид