Жамият | 12:39
848
4 дақиқада ўқилади

“Бу псевдомутахассисларнинг маркетинг найранги”: инстаграмдаги “психологлар” ҳақида

“Инсонда муаммо бор, уни ечиб берадиган чала мутахассислар пайдо бўлди. Улар жуда жадаллик билан кўпайиб кетиб, медиада бемалол чиқишлар қилишни бошлашди, сабаби бугун медиада ким илғор бўлса унга мурожаатлар сони кўп бўлади. Халқнинг оғриб турган яраси бор, улар гўёки шартта шунга ечим кўрсатгандай бўлишди”, - дейди тиббиёт фанлари доктори, психотерапевт Гавҳар Дарвиш.

Бугун бутун дунёда руҳий муаммолар билан курашаётган одамлар психолог хизматига эҳтиёж сезмоқда. Аммо инстаграмни тутиб кетган “психологлар” армияси миллионлаб аудиторияни бошқаряпти, улар истаганча нархларда ва кўринишларда ўз хизматларини сотишяпти. Мутахассислар буни маркетинг найранги деб ҳисоблашмоқда.

Гавҳар Дарвиш (Тешабоева) психотерапевт:

“Бозор қонуни шундай: талаб бўлса таклиф ҳам бўлади. Инсонда муаммо бор, уни ечиб берадиган чала мутахассислар пайдо бўлди. Улар жуда жадаллик билан кўпайиб кетиб, медиада бемалол чиқишлар қилишни бошлашди, сабаби бугун медиада ким илғор бўлса унга мурожаатлар сони кўп бўлади. Халқнинг оғриб турган яраси бор, улар гўёки шартта шунга ечим кўрсатгандай бўлишди. Аммо бу ечим ҳар доим ҳам тўғри бўлмади. Улар орасида ўз соҳасининг ҳақиқий профессионал мутахассислари ҳам бор, лекин асосан медиани эгаллаган мутахассисларни чала мутахассис ёки псевдомутахассислар десак тўғри бўлади. Уларни қандай аниқласа бўлади? Улар бирданига битта сессияда муаммони ҳал қилиб беришни ваъда қилишади. Оғриғи бўлган одам, мисол учун фарзандини йўқотган одам шу қайғудан қутулишни истайди ва ечим топишни қидиради. Псевдомутахассислар бир консултацияда муаммони ҳал қилиб бериш усулини таклиф қилишади. Бу маркетинг найранги ҳисобланади.

Фарзандини йўқотган бир аёл келди, тушларига кирган ўғли, юрган йўлида кўзига кўринаверган, ҳаётни усиз тасаввур қила олмайдиган даражага келиб қолган. Чуқур депрессияга тушган ва шунақа чаламутахассиснинг қўлига тушиб қолган. У бу муаммога ечим ваъда қилган, аёл унга ишонган. Бу ерда жуда катта сумма ҳақида гап кетяпти. Баъзи ҳолатларда уйини сотиб шунақа мутахассисларга борганларниям эшитганмиз. Бу беморлар улардан даво топа олмагандан кейин бизга келишади – энди унинг уйи йўқ, бўйнида қарзи бор ва ҳоказо. Муаммоси эса ҳал бўлмаган.

Мутахассиснинг бир мартада натижа ваъда қилиши унинг псевдо эканлигидан дарак беради. Унинг қаерни битиргани, неча йиллик тажрибага эга эканлиги, мутахассислиги бўйича дипломини сўраш керак. Улар хонасига илиб ташлаган сертификатлари муҳим эмас. Боришдан олдин буларни сўраш керак. Ҳали ўқишни битирмаган талаба бўлиши ёки фалончи мутахассиснинг қўлида ўқиган бўлиши, қўлида дипломи бўлмаслиги унинг чала ёки сохталигидан далолат беради.

Сиз бораётган мутахассис айнан қанақа методика билан ишлашини билишингиз шарт. У сизга қўлламоқчи бўлган усулининг номини билишингиз керак. Чунки руҳиятингизни чала ва сохтанинг қўлига топшириб бўлмайди. Руҳият – бу маънавият, бу менталитет, инсоннинг бутун борлиғи, ички дунёси дегани. Буни ҳаммагаям очиб бермасликни маслаҳат берган бўлардим. Яъни ҳақиқий мутахассисга руҳий муаммо билан борадиган бўлсангиз, улар сизга ечим таклиф қилади ва бу битта сеансда бўлмайди. Бунинг учун сиз ишлайсиз. Мутахассис билан биргаликда тер тўкасиз. Унга вақт, куч ва билим ажратасиз. Маълум бир муддатдан кейин, дейлик 3 ой ёки 1 ой, балки 1 йил (ўртача 6 ой) муддатдан кейингина муаммоларга ҳақиқий ечим топса бўлади”.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид