БАА Исроилга қарши 48 йил амал қилган иқтисодий бойкотни бекор қилди
Бирлашган Араб Амирликлари президенти Ҳалифа бин Зоид Ол Наҳаён Исроилнинг иқтисодий бойкоти ҳақида 1972 йилда қабул қилинган қонун ва у билан боғлиқ санкцияларни бекор қилди.
БААнинг WAM ахборот агентлигининг хабар беришича, ушбу қадам БААнинг Исроил билан дипломатик ва тижорий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир қисми ҳисобланади.
Бойкотнинг бекор қилиниши БААдаги хусусий компаниялар ва тадбикорларга Исроил компаниялари билан савдо ва молиявий битимлар тузиш имконини беради. Шунингдек, Исроилдан маҳсулотлар олиб кириш, айирбошлаш, сотиб олиш ва сотишга тақиқлов олинади.
31 августда Исроилнинг миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Меир Бен Шабат раҳбарлигидаги делегацияси Абу-Дабига биринчи расмий сафар билан жўнайди. Сафар двомида давлатларнинг мудофаа, авиаалоқа, инвестициялар, маданият ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорлиги ҳақидаги келишув имзоланади.
Ушбу парвоз Тель-Авив – Абу-Даби йўналиши бўйича амалга ошириладиган биринчи рейс бўлади.
БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларни яхшилаш бўйича келишув 13 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп воситачилигида имзоланган эди. Шундан 3 кун ўтиб БАА расмийлари Исроил билан телефон алоқаси ва Исроилдаги янгиликлар сайтларини тақиқдан чиқарган.
Исроил БАА билан тузилган шартнома доирасида Иордан дарёсининг ғарбий соҳили устидан ўз суверенитетини эълон қилмайди. Шу билан бирга, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху Исроил ушбу ерларга эгалик қилиш ҳуқуқидан воз кечмаслигини айтган. Келишув доирасида мусулмонларнинг Ал-Қудсдаги муқаддас жойларни эркин зиёрат қилишлари кўзда тутилган.