Ўзбекистон | 22:43 / 02.09.2020
8739
4 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда 80та оила моддий ёрдам олишдан бош тортди

Халқ депутатлари Паст Дарғом туман кенгашининг навбатдаги сессиясида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, бюджет даромадларини ошириш, ишсиз фуқароларнинг бандлигини таъминлаш масаласи муҳокама этилди.

Мавзу юзасидан туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ҳисобот берди.

Ҳокимнинг айтишича, шу вақтга қадар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат раҳбарининг 30 июлдаги қарорига асосан 1082 та оилага 1 млн сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилган.

Туманда дастлабки ўрганишлар натижаси бўйича 4 596 та камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, «Темир дафтар»га киритилган. 660 таси боқувчисини йўқотганлиги, 860 таси ногирон оила аъзолари бўлганлиги, 2 125 таси ишсиз, 138 таси беш ва ундан кўп болали, 159 таси узоқ муддатга хорижга кетиб, даромад юбормаганлиги ва 654 таси бошқа сабабларга кўра камбағал эканлиги маълум бўлган.

Маълум бўлишича, 80та оила давлат бюджетидан ажратилган моддий ёрдамни олишни рад этган.

«Ушбу оилаларнинг 550 нафар аъзосига 121 млн сўм маблағ тарқатилмаган ва бюджетга қайтарилди», – деди туман ҳокими.

Таъкидланишича, 67 та йўналишда норасмий фаолият юритиб келаётган 4092 нафар фуқаронинг бандлиги легаллаштирилган. 486 та юридик корхона ва 604 та ЯТТлар янгидан ташкил этилган. Шунингдек, жорий йил якунига қадар қиймати 389,3 млрд сўм бўлган 13 та лойиҳа ишга тушиши натижасида 581 та янги бўш иш ўринлари яратилади. Бюджетга қўшимча 8 млрд сўмдан ортиқ солиқ тушириш имконияти пайдо бўлади.

Сессияда Олий Мажлис Сенати аъзоси Фарҳод Боқиев сўзга чиқиб, Паст Дарғом туман бандликка кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари томонидан қонун меъёрлари бузилгани ҳақида гапирди. Хусусан, камбағал оила тоифасига кирмаган фуқароларга иссиқхона қуриб берилди қабилида ҳужжатлар тайёрланган. Жами 84 млн 240 минг сўм субсидия маблағлари бир қатор МЧЖларга ўтказиб юборилган.

Туман ҳокими ушбу ҳолат юзасидан прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ва айбдорлар қонун олдида жавоб беришини билдирди. Мазкур ҳолат халқ депутатлари туман кенгашида ҳам муҳокама этилган.

Ҳоким, шунингдек, ҳозирги кунга қадар хориждан қайтган 1029 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланганини маълум қилди. Бундан ташқари, хориждан қайтиши мумкин бўлган фуқароларга 318 та бўш, 137 та квота иш ўринлари захира қилиб қўйилганини айтди.

«Туманда меҳнат ресурслари сони 191 206 тани, банд аҳоли 137 712 нафарни, шундан расмий бандлар 70 220 нафарни, ишсизлар эса 15 379 нафарни ташкил қилади. Демак, туманда ишсизлик даражаси 10 фоиз. Йил якунига қадар жами 8 790 нафар ишсизлар бандлигини таъминлаш режалаштирилмоқда», – деди Шунқор Худойбердиев.

Аҳолини шахсий томорқасига банд қилиш мақсадида ўтган даврда 126 та оилага 279,9 млн сўм, жумладан 76 та оилага 168,4 млн. сўм иссиқхона қуриш учун, 3 та оилага 6,7 млн сўм уруғлик ва кўчат учун, 47 та оилага 104,8 млн сўм сўғориш ускунаси харид қилиш учун субсидия берилган.

Кооперативларга 225 нафар ишсиз ва камбағал фуқаролар аъзо бўлган. Уларга 294,2 млн сўм миқдорида субсидия берилган. Ҳоким айнан ушбу тажриба ўзини оқлаётгани, аҳолининг камбағалчиликдан чиқишида яхши самара бераётганини айтиб ўтди.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид