NASA Ойга энг қисқа йўл учун патент олди
NASA коинот агентлиги олимлари Ердан Ойга етиб боришнинг максимал тез ва арзон йўлини топишди ва унга патент олишди. Ойга янги йўналиш кўп вақтни тежашга ва бунинг натижасида ёнилғи тежалишига имкон беради.
Science Alert нашрида маълум қилинишича, янги йўналиш Ойга парвозга кетадиган вақтни ярим йилдан 2,5 ойгача қисқартириш имконини беради.
Бунинг натижасида нафақат ёнилғи тежалади, балки Ойга учадиган кема бортига кўпроқ техника олиш имкони пайдо бўлади.
Биринчи қарашда, Ердан Ойгача йўналишга патент олиш ғайритабиийдек туюлади. Аммо NASA олимлари янги йўналишнинг ишлаб чиқилиши узоқ вақт ва аниқ таҳлил ҳамда моделлаштиришни талаб қилган интеллектуал мулк деб ҳисоблашмоқда.
NASA’нинг Dark Ages Polarimeter Pathfinder (Dapper) деб номланган янги миссияси Ойга етиб боришда ушбу йўналишдан фойдаланади. Қурилма паст частотали радиотўлқинларни излаш билан шуғулланади. Олимлар бу маълумотлар ёрдамида қора материянинг биринчи сигналларини топишга умид қилишмоқда.
NASA мутахассислари янги йўналишни айнан Dapper’ни Ойга жўнатиш зарурати сабабли ишлаб чиқишган. Олимлар олдида қурилмани Ойга етказишнинг иложи борича арзонроқ усулини топиш вазифаси турган. Янги йўналиш бир нечта манёврларни ўз ичига олади, улар давомида кема Ой ва Ернинг тортиш кучидан секинлашиш ва тезлашиш учун фойдаланади. Бу эса ёнилғи тежаш имконини беради.